Жорий йилнинг 15-16 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммити олдидан минтақанинг спорт оиласи ўртасида дўстлик алоқалари янада мустаҳкамланмоқда. Самарқанддаги саммит олдидан илк бор йўлга қўйилган “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг спорт элчилари” лойиҳаси бунинг учун ажойиб платформа вазифасини бажариб берди.
Флешмоб доирасидаги оммавий маросимда “Ўзбекистонга хуш келибсиз!” шиори остида махсус ролик намойиш этилди. Табиийки, бу орқали юртимиз меҳмонлари давлатимиз, унинг спорт соҳасидаги ютуқлари ҳақидаги билимларини янада бойитиб олди.
Тадбирнинг расмий очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икрамов, Осиё Олимпия Кенгаши вице-президенти Отабек Умаров, мамлакатимиздаги фаолият юритаётган дипломатик миссиялар масъул ходимлари иштирок этди.
Адҳам Икрамов ушбу тадбирнинг аҳамияти ва унинг мамлакатлар ўртасида спорт алоқаларини мустаҳкамлашдаги ўрнига алоҳида тўхталиб ўтди.
Шундан сўнг ўзбек жанг санъати, турон жанг санъати, таэквондо, каратэ, гимнастика каби спорт турларидан кўргазмали чиқишлар намойиш этилди.
Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг спорт элчилари сифатида пойтахтимизга Россия, Қозоғистон, Покистон, Тожикистон, Қирғизистон каби давлатларнинг машҳур спортчилари ташриф буюрди.