Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг миллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик” сарлавҳали концептуал мақоласи халқаро ижтимоий-сиёсий доиралар ва экспертлар ҳамжамиятида ҳамон катта акс-садо бермоқда. Польша-Осиё Савдо-саноат палатаси президенти, Польша Бош вазирининг собиқ ўринбосари ва Польшанинг собиқ иқтисодиёт вазири Януш Пехочинский ушбу мақола юзасидан “Дунё” ахборот агентлигига қуйидаги фикрларини баён этди:

- Ўзбекистон раислигида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанддаги саммити жуда мураккаб пайтда бўлиб ўтади. Бир томондан, эски ва ривожланаётган геосиёсий ва шу боисдан геоиқтисодий тизимнинг қарама-қаршилиги шароитида етакчи кучларнинг жаҳон тараққиётидаги ўрни ва роли қайта форматланмоқда. Бошқа томондан эса, дунё пандемия чекловларидан чарчаган ва уч йилдан буён мамлакатларнинг бир-бирига бўлган ишончини тиклайдиган ва белгиланган халқаро ҳуқуқ тизимининг қулашига йўл қўймайдиган ҳар қандай муҳим, ижобий глобал ўзгаришларни кутмоқда.

Шундай шароитда ШҲТ ўз мақсад ва вазифалари нуқтаи назаридан, башорат қилинадиган ва прагматик муносабатлар тизимида тобора фаол, шунингдек, минтақавий ва субминтақавий миқёсдаги қарорларини шакллантириш ва амалга оширишга қодир нуфузли ташкилотга айланмоқда.

Шу маънода айтиш мумкинки, ШҲТ ушбу ташкилотни барқарор ва истиқболли қиладиган консолидациялашган нуқтаи назар ва кун тартибига эга. Президент Шавкат Мирзиёев ўз мақоласида таъкидлаганидек, “ШҲТга аъзо барча давлатлар бизнинг энг яқин қўшниларимиз, дўстларимиз ва стратегик шерикларимиздир”.

Сўнгги йиллардаЎзбекистоннинг обрўси нафақат минтақада, балки бутун дунёда ўсиб бормоқда, Президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакат ташқи сиёсатини ўзгартиришдаги роли тўла эътироф этилган, зеро мамлакат янги, фаол ва ҳаракатчан қиёфа касб этган. Бу Ўзбекистоннинг кўп томонлама ҳамкорлик институтлари, хусусан, ШҲТ доирасидаги ўрнига ҳам дахлдордир.

Мақолада Ўзбекистон раҳбари қайд этганидек, Бугун биз яшаётган, жараёнлар ўзаро чамбарчас боғланган дунёда хавфли муаммолар гирдобидан чиқишнинг яккаю ягона йўли – конструктив мулоқот ва ҳар бир тарафнинг манфаатларини ҳисобга олиш ва ҳурмат қилишга асосланган кўп томонлама ҳамкорликдир.  

Самарқанд саммити энди бошланмоқда, аммо у ШҲТ тарихида қолади ва Ўзбекистоннинг йирик сиёсий муваффақиятига айланади, деб қатъий ишонч билан айтиш мумкин.

                                                                                               «Дунё» АА