Самарқандни «миллионли шаҳар»га айлантириш, замонавий архитектура ечимларига эга турар-жой ва нотурар биноларни барпо этиш, аҳолининг уй-жойга бўлган талабини тўлиқ қондириш, ҳудудларни инфратузилма билан таъминлаш орқали муносиб яшаш шароитларини яратиш мақсадида Самарқанд тумани алоҳида маъмурий-ҳудудий бирлик сифатида тугатилмоқда.
ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Диёр Ҳусановнинг таъкидлашича, чегаралар ўзгартирилиши ҳисобидан Самарқанд шаҳри ҳудуди 11,8 минг гектардан 28,9 минг гектаргача кенгайиб, янги инвестиция ва қурилиш лойиҳалари учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Хусусан, янги туристик лойиҳалар, ўйин майдонлари, аквапарклар, ҳаво шарлари, истироҳат боғлари каби кўнгилочар туризм ва дам олиш масканлари ташкил этилиши, шунингдек, янги яшил ҳудудлар, хизмат кўрсатиш объектлари ҳамда логистика марказлари қурилиши режалаштирилган.
Мунозаралар якунида қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.