Президентимизнинг 2020 йил 29 январдаги “Чорвачилик тармоғини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида, кластер корхоналари ва наслчилик йўналишидаги фермер хўжаликларига четдан келтириладиган наслли қорамол, қўй ва эчкилар учун имтиёз берилиши қорамоллар наслини яхшилашга хизмат қилмоқда. Самарқанд туманида мазкур қарор ижросини таъминлаш юзасидан ўқув семинар бўлиб ўтди.
Агроинспекциянинг Самарқанд туман бўлими ташаббуси билан ўтказилган ўқув семинарда туман ветеринария бўлими мутахассислари, чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжалиги раҳбарлари иштирок этишди.
Тадбир қатнашчиларга Ўзбекистон Республикасининг “Наслчилик тўғрисида”ги Қонуни ва Президентимизнинг 2020 йил 29 январдаги “Чорвачилик тармоғини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида четдан келтирилган ҳар бир бош наслли қорамоллар учун бериладиган имтиёзли субцидиялар, “Наслчилик тўғрисида”ги Қонун талаблари юзасидан наслчилик ишини ташкил этиш мажбуриятлари ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, семинар иштирокчилари “Чорва сут сервис” наслчилик йўналишидаги чорвачилик хўжалигида яратилган шароитлар, наслли қорамолларни парваришлаш, ветеринария назоратига олиниши билан боғлиқ тадбирлар билан яқиндан танишдилар.
— Фермер хўжалигида асосий эътиборни наслчилик ишини янада яхшилашга қаратяпмиз. Масалан, четдан келтирилган ҳар бир бош наслли қорамоллар учун субсидия маблағи берилиши, айниқса наслчиликни яхшилашга хизмат қилади, — дейди “Чорва сут сервис” фермер хўжалиги иш юритувчиси Исмоил Ачилов.
— Мазкур фермер хўжалиги томонидан 2015-2018 йиллар давомида Польша ва Германия давлатидан жами 160 бош ғуножинлар келтирилган бўлиб, бугунги кунда 350 бош наслли қорамолга парваришланмоқда. Мавжуд 195 бош соғин сигирларнинг ҳар биридан 30-35 литр сут соғиб олинмоқда. Хўжалик томонидан жорий йилнинг ўтган даври давомида 1 минг 272 тонна сут ва 7 тонна гўшт ишлаб чиқарилган, — дейди “Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд туман бўлими катта инспектори Хуршид Хуррамов.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, Самарқанд туманида бугунги кунда жами 38 та қорамолчилик йўналишидаги фермер хўжаликлари мавжуд бўлиб, шундан 18 таси наслчиликка ихтисослашган. Ушбу фермер хўжаликлари томонидан 3 минг 320 шундан 1 минг 157 бош сигир парваришланмоқда. Жорий йилнинг ўтган 10 ойи давомида 5 минг 131 тонна сут ва 966 тонна тирик вазнда гўшт ишлаб чиқарилган.
“Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси
ахборот хизмати.