Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Булунғур туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “X.n.” фермер хўжалиги раҳбари Х.Х. хўжалик ер майдонига ўрнатилган сув насосининг электр ҳисоблагичга ташқи таъсир кўрсатиб, 139,9 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланган.

Шунингдек, Департаментнинг Ғозғон шаҳри ва Қизилтепа тумани бўлимлари томонидан ўтказилган терговга қадар текширувларда ушбу ҳудудлардаги “M.S.” МЧЖ ҳамда “Қ.Қ.” ва "Ф.О." фермер хўжалиги масъул шахслари сув насосларини умумий фойдаланишдаги электр тармоғига тўғридан-тўғри улаб, жами 266,8 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганликлари аниқланган.

Ҳозирда ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.