Бутунжаҳон Туризм Ташкилоти ва унга аъзо давлатлар билан ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш, шунингдек, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш, халқаро ташкилотлар билан муносабатларини янада кенгайтириш, маданий ва туризм салоҳиятини тарғиб қилиш мақсадида 30 ноябрь -4 декабрь кунлари Самарқанд вилояти делегацияси Испания қироллигида бўлди.

Бутунжаҳон Туризм Ташкилоти (UNWTO) Бош ассамблеясининг 24-сессияси доирасида вилоят делегациясининг Германия, Хитой, Эрон, Греция, Гондурас, Молдова, Коте Диворе, Кения, Намибия, Ангола, Бразилия, Коста Рика, Доминика Республикаси, Комбожа, Судан, Куба, Конго демократик Республикаси, Ҳиндистон, Россия Федерацияси, Зимбабве, Жанубий Корея, Никарагуа ва Намибия каби 23 та мамлакатнинг туризм масалалари бўйича вазирлари ва элчилари билан учрашувлари ташкил этилди.

Учрашувда икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, хорижий мамлакатлардан ташриф буюрувчилар учун Самарқандда ташкил этилган имкониятлар, туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар, янги ташкил этилаётган Самарқанд халқаро аэропорти терминали, « Samarkand touristic centre» мажмуаси ва бошқалар тўғрисида хорижий томонга маълумотлар тақдим этилди.

Шунингдек, томонларнинг таклиф ва тавсиялари бўйича амалий ишларни олиб бориш орқали сайёҳлар оқимини янада ошириш юзасидан келишиб олинди, деб хабар беради Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати Самарқанд вилояти Туризм ва спорт бош бошқармаси маълумотига таяниб.