“Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси ва туманлар бўлимлари томонидан 2022 йил ҳосили учун кузги бошоқли дон экинлари экилиши ва бошқа агротехник тадбирлар юзасидан доимий равишда мониторинг ўрнатилган.
Самарқандлик деҳқонлар 2022 йил ҳосили учун 94 минг 230 гектар, шундан 29 минг 679 гектар очиқ ер майдони, 64 минг 551 гектар ғўза қатор орасига кузги бошоқли дон экинларини экиш юзасидан меҳнат қилишмоқда. Ғалла экиш мавсумида 164 та ғалла экиш сеялкаларидан унумли фойдаланилмоқда.
Жумладан, иштихонлик ғаллакорлар ўтган йили ҳар гектар ердан 70-80 центнер ғалла ҳосили йиғиштириб олишди. Натижада кластер корхоналари ва фермер хўжаликлари раҳбарлари меҳнатига яраша моддий манфаат кўрдилар.
Шу боис, 2022 йилда ҳам 7 минг 380 гектар ер майдонига экиладиган бошоқли дон экинларидан юқори ҳосил етиштириш мақсадида ғалла экиш тадбирлари уюшқоқлик билан ўтказилмоқда. Режада белгиланган 5 минг 580 гектар очиқ ер майдони, 1 минг 800 гектар ғўза қатор орасига бошоқли дон экинлари экилмоқда.
Жумладан, тумандаги “Омонбой Фармонов” номли фермер хўжалиги томонидан жами минг гектар ер майдонида деҳқончилик қилиниб, шундан 344 гектар ғалла экиш режалаштирилган бўлиб, бугунга қадар 120 гектар ер майдонига бошоқли дон экинлари экилди. Кузги бошоқли дон экинлари пешма-пеш суғорилиб, аксарият майдонларида ундириб олинди.
Фермер хўжалиги томонидан минг нафар қишлоқ ёшлари иш билан таъминлаган. 64 та замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари билан ғалла, пахта ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари етиштирилмоқда, “Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси ахборот хизмати.
Иштихон туманида 2022 йил ҳосили учун кузги бошоқли дон экинлари Туркиядан келтирилган 14 та замонавий сеялькалар билан экилмоқда. Натижада ғаллани сифатли экиш, минерал ўғитлар билан озиқлантириш, жўяк олиш сингари учта агротехник тадбирлар бир вақтнинг ўзида бажарилмоқда. Табиийки, бу қишлоқ хўжалиги корхоналари ходимларининг моддий манфаатдорлиги юқори бўлишини таъминлайди.