Самарқанд шаҳрида бошланган эмлашда 65 ёшдан юқори бўлган аҳоли қамраб олинмоқда.

Бугун эрталабдан шаҳардаги 4-оилавий поликлиникада эмлаш жараёнига киришилди.

Маълумотларга кўра, мазкур ҳудуддаги 4511 нафар 65 ёшдан юқори бўлган аҳоли рўйхатга олинган ва илк босқичда улар эмланади.

Эмланаётганлар аввал кўрик хонасига кириб, соғлиги тўлиқ назоратдан ўтказилди, кейин эмлаш хонасида коронавирусга қарши эмлаш амалга оширилиб, кейинги – кузатув хонасига олиб кирилди. Монелиги бўлмаган, яъни иситма қилмаётган, сурункали хасталиги хуруж қилмаган, аллергик реакция кузатилмаган фуқароларгина эмланиши мумкин. Кўрик хонасида ҳар бир фуқаро тўлиқ врач назоратидан ўтгач эмлаш хонасига олиб кирилади.

Самарқандда биринчи вакцина олган инсон Боғбон маҳалласида яшовчи 86 ёшли Толиб Муродов бўлди.

– Ўтган йили коронавирус хасталигини бошимдан ўтказдим, – дейди Толиб бобо. – Уйда даволангандим. Поликлиника шифокорлари соғлиғимни назорат қилиб туришди. Вирусга қарши вакцина олишга биринчилардан бўлиб келдим. Соғлиғимизни эҳтиёт қилишимиз, яқинларимизга оғирлигимизни туширмаслигимиз керак.

– Айни пайтда вилоятда битта марказий, 16 та ҳудудий туман (шаҳар) вакцина сақлаш омборхоналари, улардаги совутгичлар, электрогенераторлар, термосумкалар ва термоконтейнерлар шай ҳолатга келтирилди, — дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Суҳроб Зайниев. — Эмлаш ишларини амалга ошириш учун 411 та эмлаш пунктларига 180 та қўшимча хона ва 186 та ҳаракатдаги бригадалар ташкил этилди. Соғлиқни сақлашнинг бирламчи тиббий бўғини ходимлари, эмлаш жараёнида қатнашадиган 367 нафар врач ҳамда 724 нафар ўрта тиббиёт ходимлари махсус дастур бўйича ўқитилди.

Вилоятда биринчи босқичда эмланадиганлар кексалар 168 минг 218 нафарни ташкил этади.

Вакцинация жараёнларини аҳоли ўртасида кенг тарғиб этиш ҳамда бу жараёндаги турли хил гап-сўзларга ўрин қолдирмаслик мақсадида Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи А.Бобожонов ва бир қатор тиббиёт ходимлари ҳам биринчилар қаторида эмланди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.