Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Самарқанд вилояти бошқармаси ва туманлар бўлимлари  томонидан Президентимизнинг 2019 йил 15 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори билан юклатилган вазифалар ижросини таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

Шу мақсадда,  вилоятда 2022 йил ҳосили учун 75 минг 356 гектар ер майдонига иқлим шароитига мос, эртапишар навлар экилиши юзасидан баҳорги агротехник тадбирлар амалга ошириляпти. Мазкур агротехник тадбирларни ўз вақтида, сифатли ва қисқа муддатларда якунлаш юзасидан инспекциянинг соҳавий инспекторлари томонидан назорат тадбирлари ўтказилмоқда.

Жорий қишлоқ хўжалик мавсумида самарқандлик деҳқонлар чигитнинг Бухоро-102, С 82-86, Омад, Султон, Порлоқ-1 сингари маҳаллий иқлим шароитига мос, эртапишар навларини экишни режалаштиришган. Ана шу мақсадда 159 та ер тайёрлаш ва экиш отрядлари ташкил этилди. Мавсум давомида 433 та ҳайдов трактори, 1612 та чопиқ трактори, 10 минг 850 дона тишли борона, 319 та чизел, 150 дона ер текислагич, 962 та чигит экиш сеялкаси, шундан 199 дона юқори унумдор сеялкадан самарали фойдаланилмоқда.

Бундан ташқари, жорий хўжалик йилида чигит экиш мавсумида минерал ўғит ташиш учун 879 дона ва ёқилғи мойлаш материалларни етказиб берадиган 116 дона кўчма агрегат иштирок этиши режалаштирилган.

Пахтадан мўл ҳосил етиштириш юзасидан сифатли уруғлик чигит тайёрланишига алоҳида эътибор қаратилди. Шу мақсадда 5 минг 671 тонна уруғлик чигит тайёрланди.

Хусусан, “Каттақўрғон кластер” МЧЖ 274 тонна, “Мароқанд сифат телкстиль” МЧЖ 1882 тонна, “AMINA GOLD INBEST” МЧЖ 362 тонна, “Самарқанд камалак инвест” МЧЖ 1192 тонна, “Афросиёб ЖЕНС” МЧЖ 429 тонна, “Пахтачи кластер” МЧЖ ва “Пайариқ кластер” МЧЖ томонидан 739 тонна уруғлик чигит тайёрланиб, фермер хўжаликларига етказиб берилди.

Чигит экиш мавсумини қисқа муддатда ва сифатли ўтказиш мақсадида уруғлик чигит кимёвий воситалар билан дориланган ҳолда тайёрланди. Шунингдек, пахта тўқимачилик кластерлари ва кооперациялар томонидан 65 та чигит тарқатиш шохобчаси мавсумга шай ҳолатга келтирилди. 2022 йил ҳосили учун пухта замин ҳозирлаш борасида 915 та чигит ивитиш хандаги, 966 та таглик, 304 та махсус идиш, 124 та тарози ва бошқа зарурий жиҳозлар билан таъминланган.

Инспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси ва туманлар бўлимлари томонидан баҳорги агротехник тадбирларга тайёргарлик ишлари, мавсум давомида иштирок этадиган барча турдаги қишлоқ хўжалиги техника воситаларининг техник ҳолати кўздан кечирилиб, тегишли сертификатлар берилган.

Маълумот ўрнида, вилоятда 2020 йил пахта ҳосили учун жорий йилнинг 4 апрель ҳолатига кўра, 41минг 778 гектар ер майдони чигит экишга тайёрланган бўлиб, бир кунда ўртача 9 минг гектардан ортиқ ер сифатли тарзда чигит экишга ҳозирлаб бориляпти.

Жорий йилнинг 4 апрелига қадар 22 минг гектардан ортиқ ер майдонига чигит экилган бўлиб, бир кунда ўртача 8 минг гектардан зиёд ер майдонига барака уруғи қадалмоқда.

Даврон Ачилов,

“Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят

бошқармаси бошлиғи