Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Самарқанд вилоят бошқармаси ва туманлар бўлимлари  томонидан Президентимизнинг 2020 йил 6 мартдаги “Ғалла етиштириш, харид қилиш ва сотишга бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш юзасидан назорат тадбирлари ўтказилмоқда.

Шу мақсадда, “Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси ва туманлар бўлимлари ҳамда тегишли қишлоқ хўжалиги корхоналари ходимларидан иборат “Ишчи гуруҳи” ташкил этилган. Унга кўра, давлат ресурсига ғаллани стандарт талаблари асосида қабул қилишни таъминлаш юзасидан дон қабул қилиш шахобчалари аҳволи, махсус ёпиқ сиғимларнинг мавсумга ҳозирлик ҳолати жиддий назоратга олинди.

Ҳусусан, “Жомбойдон” АЖ га қарашли 4 та, “Самарқанддон” АЖ га қарашли 4 та, “Оқтош дон” АЖ га тегишли 5 та ҳамда “Жума элеватори” га қарашли 1 та дон қабул қилиш шахобчаларида мавсумга тайёргарлик ишларининг бориши юзасидан мониторинг-таҳлил тадбирлари ўтказилмоқда.

Дон қабул қилиш шахобчаларидаги сақлаш омборлар сиғими, объектларни комплекс дезинфекциялаш, сақлаш, лабораториялар аҳволи, лаборантлар малакаси юзасидан тизимли тадбирлар амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даври давомида, дон қабул қилиш шахобчаларидаги синов ва ўлчов воситалари давлат қиёслов кўригидан ўтказилиб, сертификатлар билан таъминланди.

 “Ўзагроинспекция” зиммасига юклатилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда, дон етиштирувчиларга ва донни сақлаш ҳамда қайта ишлаш корхоналарига донни ўриб-йиғиб олиш, тозалаш, қуритиш, ишлов бериш ва сақлашга оид норматив-техник ҳужжатлар, илғор технологияларни жорий этиш юзасидан амалий кўмак берилмоқда.

Маълумотларга кўра, 2021 йил ҳосили учун вилоятдаги 4 минг 470 та фермер хўжаликлари томонидан 94 минг 230 гектар сувли майдонга экилган кузги бошоқли дон экинларидан 208 минг 400 тонна ғалла ҳосили етиштириш режалаштирилган. Шундан, 179 минг тоннаси товар, 29 минг 400 тоннаси уруғлик донни ташкил этади.

Буларнинг барчасидан кўзланган мақсад, деҳқонларимизнинг пешона тери эвазига етиштирилган ҳосилни сифатли тарзда қабул қилиш ва қайта ишлаб, аҳоли дастурхонига ризқ-насиба улашишдан иборат.

Рашид Собиров,

 “Ўзагроинспекция” нинг Самарқанд вилоят

бошқармаси катта инспектори