Бу ҳақда ДХХ ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Давлат кадастрлари палатасининг Самарқанд вилояти бошқармаси Паст Дарғом тумани филиали кадастр муҳандиси ўзининг ваколатли танишлари орқали маҳаллий фуқарога тегишли 2 сотих ер майдонининг кадастр паспортини давлат рўйхатидан ўтказиб бериш эвазига 2,5 минг доллар олган вақтида ушланган.
Ҳолат юзасидан муҳандисга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “в” банди ҳамда 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.
Шунингдек, Сурхондарё вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда Шеробод тумани давлат солиқ инспекциясининг собиқ бош инспектори вилоят иқтисодий судида кўрилаётган иш доирасида боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжалигига эгалик ҳуқуқини тиклаб бериш эвазига 10 миллион сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.
Аввалроқ Самарқанд вилоятининг Паст Дарғом туманида судья 300 доллар пора олаётганида қўлга тушгани ҳақида хабар берилганди. У ишни даъвогарнинг фойдасига ижобий ҳал этиб бериш эвазига пул талаб қилган.
Бундан ташқари, Фарғона вилояти Фарғона тумани солиқ инспекциясининг бош инспектори ер майдони ажратиб бериш эвазига тадбиркордан 101 минг доллар талаб қилгани аниқланганди.