Онлайн ҳамкорлик учрашувида 2020-2021 ўқув йилида икки олийгоҳ ўртасида олдиндан режалаштирилиб келинаётган таълим йўналишлари ва қўшма дастурларни ташкил этиш, яъни бакалавр таълим босқичида журналистика ва туризм йўналишлари бўйича Maлайзиянинг "City University of Malaysia" университетининг Самарқанд давлат чет тиллар институти таркибида филиалини очиш, шунингдек, бакалавр таълим босқичида 2+1 қўшма дастури асосида мактабгача таълим йўналишини ташкил этиш (2 йил СамДЧТИда, 1 йил Maлайзиянинг "City University of Malaysia" университетида таҳсил олишади) борасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

 –  Малайзия университети билан биргаликда ҳамкорлик ишлари олиб боришга келишиб олдик, –  дейди институт ректори Илҳомжон Тўхтасинов. – Университет билан онлайн тарзда шартнома имзоладик. Унга кўра, институтда журналистика факультети очилади. Талабалар 2 йил бизда, 2 йил Малайзия университетида таҳсил олади. Худди шундай туризм йўналишида очилаётган факультетимизда ҳам талабалар 2+2 дастури асосида таълим олади.

 Онлайн ҳамкорлик учрашуви доирасида институтда очиладиган Maлайзиянинг "City University of Malaysia" университети филиалининг ўқув биноларини янги ўқув йилига тайёрлаш, қабул жараёнларини ташкил этиш, квоталар ҳамда шартнома тўловларининг миқдорини белгилаш кабилар юзасидан музокаралар олиб борилди. Ушбу ҳамкорлик музокаралари натижасида режалаштирилган ва имзоланган ҳамкорлик меморандумида кўрсатилган вазифаларни амалга ошириш борасида келаси ҳафта ҳамкорлик шартномаси имзоланишига келишиб олинди.

Aсилбек Aбдураимов,

СамДЧТИ Aхборот хизмати раҳбари