Мирзо Улуғбек номидаги математика, физика фанларига ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.

Очилиш маросимида самарқанд вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Зебинисо Шодиева сўзга чиқиб, ўқувчи ва ўқитувчиларни янги мактаб билан табриклади. Ушбу муассасада юрт равнақига муносиб ҳисса қўшадиган илғор ва билимли кадрлар етишиб чиқишига тилак билдирди.

Мактаб-интернатда ўқувчиларнинг математика, физика, информатика ва инглиз тили фанларини чуқур ўрганиши, ушбу фанлардан республика ва халқаро фан олимпиадаларида муваффақиятли иштирок этиши белгиланди. Ўқувчилар 4 маҳал мазали иссиқ овқат билан таъминланади. Давлат тест маркази билан ҳамкорликда ташкил қилинган синов имтиҳонлари асосида 60 нафар 7-синф, 60 нафар 8-синф, жами 120 нафар ўқувчи мактаб-интернатга қабул қилинди.

Самарқанд гарнизони ҳарбий оркестри, вилоят “Баркамол авлод” болалар мактаби ижодий гуруҳларининг чиқишлари тантанали маросимга ўзгача шукуҳ бағишлади.