Анжуманда 15 ортиқ давлат, жумладан, Россия Федерацияси, Қозоғистон, Қирғиз Республикаси, Тожикистон, Украина, Япония, Туркия, Корея Республикаси, Италия, Франция, Германия, Туркманистон, Малайзия каби давлатларнинг олий тиббиёт ўқув юртлари ҳамда етакчи илмий-тиббиёт марказларининг нейрохирургия соҳасидаги олим ва мутахассислари иштирок этмоқда.
Мазкур анжуманнинг айнан мана шу шаҳарда ўтказилишига Самарқанд давлат тиббиёт университетининг нейрожарроҳлик соҳасидаги бой салоҳияти ҳамда таниқли олим, университет ҳузуридаги нейрохирургия ва нейрореабилитация маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Абдурахмон Мамадалиев таваллудининг 80 йиллиги нишонланаётгани асос бўлди.
Ялпи мажлисдан сўнг анжуман иши шуъбаларда давом эттирилди. Уларда спинал нейрохирургия, болалар нейрохирургияси, қон томир, периферик асаб тизими нейрохирургияси, нейроонкология, функционал нейрохирирургия оид долзарб мавзуларда маърузалар тингланиб баҳс-мунозаралар ўтказилди. Анжуман доирасида ёш олимлар мусобақаси ҳам бўлиб ўтди. Истеъдодли ёш тадқиқотчилар аниқланиб, тегишли сертификат ва дипломлар билан тақдирланди.
Самарқанд давлат тиббиёт университетида ўтказилган мазкур халқаро анжуман республика ва минтақамизда нейрохирургия ва нейрореабилитация соҳасини ривожлантириш, фундаментал ва клиник фанларни ўқитиш сифатини янада ошириш, малакали тиббий кадрларни тайёрлаш ҳамда республикамиз тиббиёт олийгоҳлари ва илмий текшириш марказлари халқаро алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади, дейилади университет ахборот хизмати хабарида.