Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Адлия вазирлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда Самарқандда Ўзбекистон талабалари ассоциацияси ташкил этилди.

Шу боис Самарқанд давлат университетида ассоциациянинг биринчи таъсис форуми бўлиб ўтди. Онлайн-мулоқот тарзида ташкил этилган тадбирда маҳаллий олий таълим муассасаларидан ташқари, Осиё университетлари ассоциацияси, Халқаро ипак йўлида жойлашган университетлар ассоциацияси, Евроосиё университетлари ассоциацияси вакиллари, АҚШ, Япония, Жанубий Корея, Хитой, Нидерландия, Россия, Ҳиндистон, Афғонистон, Исроил, Туркия, Беларусь, Венгрия каби давлатларнинг талаба-ёшлари иштирок этди.

Ассоциацияни ташкил этишдан асосий мақсад, мамлакатимиз ОТМлари талабаларини қизиқиш ва эҳтиёжларига қараб, жамоатчилик бошқаруви асосида бирлаштириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, юксак маърифатли, билимдон мутахассислар бўлиб етишишлари йўлида қўллаб-қувватлашдан иборат.

Форумда Ўзбекистон талабалари ассоциациясини ташкил этиш масаласи онлайн сўровнома орқали овозга қўйилди. Унда иштирок этганларнинг деярли барчаси Самарқанд давлат университети ҳузурида Ўзбекистон талабалари ассоциациясини ташкил этишни ёқлаб овоз берди.