Маълум қилинишича, Булунғур туманида фаолият юритувчи «Бухгалтерия маркази» давлат муассасаси ҳисобчиси қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашган фермер хўжалигига ҳисобланган 150 миллион сўмлик солиқ қарздорлигини мансабдор танишлари орқали камайтириб беришни ваъда қилган.

У фермер раҳбаридан дастлаб 3 миллион сўм олган, кейинчалик эса қўшимча 15 миллион сўм талаб қилган.

Тезкор тадбир давомида мазкур ҳисобчи Давлат хавфсизлик хизмати ва ИЖҚКД ходимлари томонидан Булунғур тумани солиқ инспекцияси бошлиғи ўринбосари билан бирга пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шунингдек, яна бир ҳолат Каттақўрғон туманида қайд этилган.

Унда 2025 йилда туман ҳокими ўринбосари лавозимида ишлаган шахс ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, фуқарони туман тиббиёт бирлашмасига ишга жойлаштириб қўйиш эвазига 14 миллион сўм олгани аниқланган. Бироқ у ваъдасини бажармаган.

Тезкор тадбирда ҳозирда собиқ ҳоким ўринбосари бўлган мазкур шахс муқаддам олган пул ҳисобидан 1000 АҚШ долларини қайтариб бераётган вақтида ушланган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.