Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти Маданий мерос бошқармаси мутахассислари ўрганиш ишларини олиб борди.

Ўрганишлар натижасида ушбу иншоот маданий мерос объектлари давлат рўйхатига киритилмагани ҳамда белгиланган тартибда муҳофазага олинган тарихий ёдгорлик ҳисобланмаслиги аниқланди.

Ургут тумани ҳокимлиги ахборот хизматининг қўшимча қилишича, туман марказида жойлашган ушбу бино 1992 йилда ҳашар йўли ва ҳомийлик маблағлари ҳисобидан намозгоҳ сифатида барпо этилган, бироқ узоқ йиллар давомида ундан фойдаланилмаган. Иншоотнинг кадастр ҳужжатлари мавжуд бўлмай, у жойлашган ер майдони туман ҳокимлиги захирасида турган.

Ҳозирда туман марказининг шаҳарсозлик қиёфасини яхшилаш, транспорт оқимини тартибга солиш ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида инфратузилма лойиҳалари амалга оширилмоқда. Мазкур режалар доирасида бино белгиланган тартибда бузилиб, унинг ўрнида йўл қисми кенгайтирилиши ҳамда аҳоли учун қўшимча автомобиллар тўхташ жойи ташкил этилиши кўзда тутилган.