Очилиш маросимида Корея Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Кан Чже Квон, мазкур лойиҳа бўйича вакил Жисео Ким, ҳамда Маданият вазири ўринбосари Камола Акилова иштирок этди.

Ушбу кўп асрлик дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш мақсадида 2019 йилда Жанубий Корея Республикасининг Маданий Мерос Департамент фонди билан Маданият вазирлиги, Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси ва Фанлар Академияси ўртасида «Ипак йўли маданий меросини тадқиқ этиш ва сақлаш»га доир меморандум имзоланган.

Лойиҳа энг аввало Ипак йўли маданий меросининг сақланиши ва тадқиқ этилиши бўйича маълумот ҳамда кўникма алмашинувидан иборатдир. Шу билан бирга археологик тадқиқотлар орқали туризмни ривожлантириш, Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейи фондида сақланаётган этнографик ва археологик топилмаларни ҳамда Афросиёб музейи деворий суратларини реставрация ва консервация ишларини амалга ошириш учун янги замонавий лаборатория ускуналари ва кимёвий материаллар билан таъминлашга йўналтирилган.

Жанубий Корея Республикасининг Маданий Мерос Департаменти томонидан Самарқанд музей-қўриқхонаси таркибидаги Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейида замонавий таъмирлаш лабораториясини янгидан жиҳозлаш ва такомиллаштириш ҳамда лабораторияни замонавий асбоб-ускуналар билан ва кимёвий материаллар билан таъминлаш учун маблағ ажратилди.

2019-2021 йиллар давомида Жанубий Корея Республикасидан замонавий асбоб ускуналар ва кимёвий материаллар олиб келиниб, таъмирлаш лабораториясига ўрнатилди.

Мазкур замонавий таъмирлаш лабораторияси нафақат Ўзбекистон илмий салоҳиятини кучайтиришга, балки тадқиқот инфратузилмасини яратиш ва Ўзбекистоннинг Осиё минтақаси, хусусан Жанубий Корея Республикаси билан маданий алоқаларни ва ҳамкорликни тиклашга ҳамда давом эттиришга йўл очади, деб хабар беради Маданият вазирлиги матбуот хизмати.