– Шу пайтгача COVID-19 инфекцияси аниқланган беморлар Самарқанд шаҳридаги 340 ўринли иккита махсус шифохонада даволанаётган эди, – дейди даволаш ва тақсимлаш маркази раҳбари, Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Аҳмаджон Бобожонов. – Аммо бугунги кунда касалликка чалиниш ҳолатлари кўпаяётгани сабабли марказни қайта очишга тўғри келди. Бу ерда вилоятнинг турли ҳудудларидан келтирилаётган беморларни даволаш учун барча зарур тиббий жиҳозлар мавжуд, дори воситалари захираси яратилган.
Ҳозирда 100 нафарга яқин малакали тиббиёт ходимлари марказда ишлашга жалб қилинган. Кўп таъкидланаётганидек, касаллик белгилари ва асоратлари бир хил эмас, ўзгариб турибди, дея хабар беради ЎзА.
Айни пайтда коронавирус юқтирган беморларда асосан, ҳолсизлик, бўғимлар оғриғи, диарея кузатилмоқда. Ўтган йил беморларда дастлабки босқичда ўпкада зарарланиш кузатилган бўлса, ҳозир касалликнинг беш-олтинчи кунидан бу хавф юзага келяпти. Шу сабабли аҳолидан карантин қоидаларига қатъий риоя қилишлари ҳамда касалликка қарши эмлаш жараёнларида фаол иштирок этишларини сўраймиз. Саломатлигимизни асраш ўзимизга боғлиқ – тиббий ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш, соғлом турмуш тарзига амал қилсак касаллик биздан йироқ бўлади.