Шу сабабли мазкур тиббий кўрик ташкил этилиб, унда 421 нафар маҳкум ва маҳбус шифокорлар кўригидан ўтказилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Самарқанд вилоятидаги ҳудудий вакили Диёр Ҳусанов навбатдаги мониторинг ташрифи доирасида Каттақўрғон шаҳрида жойлашган 7-тергов ҳибсхонасида бўлди. Жамоатчилик ва ОАВ вакиллари иштирок этган ушбу мониторинг жараёнида ҳибсхонадаги маҳкум ва маҳбусларнинг мурожаатлари асосида тиббий кўрик ташкил этилди.

Тиббий кўрикка Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасининг 16 нафар шифокордан иборат гуруҳи ва 2 та автобусда ўрнатилган кўчма мобил офтальмология, ультратовуш, ЭКГ ва лаборатория ускуналари жалб этилди.

Шунингдек, 7-тергов ҳибсхонаси раҳбари ва тиббий бўлим бошлиғи билан суҳбат ўтказилиб, 141 турдаги дори-дармонлар мавжудлиги аниқланди. Ҳибсхонада сақланаётганларнинг соғлиғи ёмонлашганда керакли дориларнинг берилишини назоратга олиш тавсия қилинди.

Мониторинг давомида вояга етмаганлар, аёллар ва эркаклар камераси кўздан кечирилди. Баъзи камераларда ёритқичлар куйгани оқибатида ёруғлик етишмаслиги аниқланди ва шу кунни ўзида ёритқичлар алмаштирилди.

Бундан ташқари, 78 нафар айбланувчи ва маҳкум билан жамоавий, 11 нафари билан якка тартибдаги суҳбатлар ўтказилди, дейилади Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман)нинг ахборот хизмати хабарида.