Маълум қилинишича, «РК-2» марказий қозонхонасида амалга оширилган реконструкция ишлари доирасида 39,4 км узунликдаги замонавий тенг қобиқли иссиқлик қувурлари ётқизилди. Шунингдек, умумий қуввати 100 МВт бўлган 3 та янги қозонхона — 2 таси 30 МВт ва 1 таси 40 МВт қувватга эга иншоотлар қурилди.
Лойиҳа натижасида 22 та ижтимоий соҳа объекти, 381 та кўп қаватли уй ҳамда уларда жойлашган 18 864 та хонадон узлуксиз иссиқлик энергияси билан таъминланади. Бу эса жами 53 046 нафар аҳоли учун барқарор ва самарали иссиқлик таъминотини яратади.
Бугун ушбу қозонхонада амалга оширилган ишлар Вазир ўринбосари Озода Жўраева, «Иссиқликтаъминоти» АЖ бошқаруви раиси Илҳом Тўраев, Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Наврўз Раҳмонов ҳамда масъул ташкилотлар вакиллари иштирокида кўздан кечирилди. Мутасаддилар иштирокида қозонхона синов тариқасида ишга туширилди.
Шунингдек, Озода Жўраева иссиқлик таъминоти йўлга қўйилаётган ҳудуддаги кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатувчи бошқарув органлари ва аҳоли вакиллари билан суҳбатлашиб, мавжуд муаммолар, таклиф ва мулоҳазаларни тинглади.
Ташриф якунида Абу Бакр Розий кўчаси 41-сонли уйнинг техник ҳолати ҳамда унда жойлашган индивидуал иссиқлик пункти (ИИП) ҳам кўздан кечирилди.