Сафар таассуротларини ота-онамизга завқ-шавқ ва ифтихор билан айтаётганимизда, билмас эдикки, наинки бизлар, балки бу қадим заминга қадами теккан инсон борки, ана шундай туйғуларни ҳис этади.
Табиийки, ўрта асрларда боқийлик рамзи сифатида «Ғарбда Рим, Шарқда Самарқанд» ибораси машҳур бўлиши моҳиятини, бу ер бутун дунё тамаддунлари чорраҳаси эканини кейинчалик билганмиз, англаганмиз ва янада ғурурланганмиз. Қолаверса, орадан кўп ўтмай қадим шаҳар обидалари ЮНEСКО рўйхатидан жой олди. Айни кунда Самарқанд инсон ўз умри давомида ҳеч бўлмаганда бир маротаба бориб кўриши албатта зарур бўлган дунёдаги 50 та шаҳарнинг бири сифатида эътироф этилган. Табаррук маскан Болгарии, Перу, Ҳиндистон, Бразилия, Покистон, Бельгия каби мамлакатларнинг шаҳарлари билан биродарлик ришталарини боғлаган. Бу ришталар кейинги пайтда янада мустаҳкамланиб ва кенгайиб бораяпти.
«Очиқ осмон» остидаги очиқ китоб
Самарқандга борсам мен агар... Машҳур қўшиқда айтилганидек, Улуғбекни кўриб қайтаман. Ўша саёҳатда ўқитувчимиз Исроил Нурбеков Улуғбек расадхонсига келганимизда беназир аллома кашф қилган юлдузлар ҳақида тўлқинланиб гапириб берганди.
—Улуғбек илмий меросининг энг маълум ва машҳури унинг «Зижи» асари ёки «Зижи жадиди Кўрагоний» деб ҳам аталади, — деганди муаллим. — Бу асарда 1018 собита юлдузнинг ўрни ва ҳолати аниқлаб берилган. Уларнинг ҳаммаси ўзи қурдирган мана шу расадхонада секстант воситасида кашф этилган.
Бугун эса Ўзбекистон улуғбеклари янгидан-янги осмон жисмларини аниқлашяпти. Кейинги йилларда Шимолий ярим шардаги энг яхши кенглик станцияларидан бири саналган Майданак обсерваториясининг ўзида тўртта комета, 80 дан ортиқ астероид ва «Самарқанд» номи берилган янги кичик сайёра кашф этилди.
Яқинда йўлим яна қадрдон юртга тушди. Самолёт Самарқанд халқаро аэропортига оҳиста қўнар экан, иллюминатордан унинг бугунги манзарасини ҳаяжонланиб кузатиб бордим. Очилган китоб шаклидаги янги аэропорт терминали устига қарасангиз, унда айнан «Зижи жадиди Кўрагоний» дан жой олган юлдузлар туркуми тасвири туширилган осмон кўриниши нигоҳингизни тортади. Тез орада янги терминал ишга тушгач, бу кўриниш, айниқса, тунда улуғвор ва жозибали манзара касб этади.
Мазкур авиақўналға реконструкцияси мавжуд халқаро терминални модернизациялаш, унинг янгисини қуриш, учиш-қўниш йўлакчасини бунёд этиш ҳамда радиолокация тизимларини янгилашни ўз ичига олган. Бу ерда турли русумдаги «ҳаво кема»лари учун 24 та қўналға ва 700 ўринли енгил автомобиллар тўхташ жойи қурилиши ҳам назарда тутилган. Аэропорт ўтказувчанлик қобилиятининг соатига 350 тадан 1000 тагача оширилиши унинг ҳозирги йиллик 460 000 йўловчига хизмат кўрсатиш миқдорини 2 миллионтага етказиш учун имконият яратади.
Аслида Президентимизнинг Самарқандга ҳар бир ташрифидан кейин унинг меъморий қиёфаси янада маҳобат, файз ва кўркамликка юз тутади. Хусусан, 1967 йилда ишга тушган ва замонавий талабларга жавоб бермай қолган аэропортни тубдан таъмирлаш лойиҳасини амалга оширишга 2018 йилда киришилган эди. 2019 йилда давлатимиз раҳбари бу лойиҳа билан танишиши чоғида унинг қамровини тубдан ўзгартириш ва кенгайтириш юзасидан кўрсатмалар берди.
«Энтер Энгинеэринг» компанияси томонидан қурилаётган мазкур аэропорт реконструкцияси учун 62 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфланмоқда. Қўналғани барпо этиш ва жиҳозлашда юртимиз қурувчи-муҳандислари билан бир қаторда уларнинг Россия, Туркия, Германия ҳамда Буюк Британиядан келган ҳамкасблари ҳам иштирок этяпти.
Ҳозирга қадар узунлиги 3105 ва эни 60 метр бўлган учиш-қўниш йўлаги, уни ёритиш-сигнал чироқлари ва аэронавигация ускуналари ўрнатиб бўлинди. Тубдан таъмирланаётган ва барпо этилаётган янги терминалларда пардозлаш ҳамда жиҳозлаш ишлари ниҳоясига етмоқда.
— Янги терминал ишга тушгач, бир вақтнинг ўзида 4 та рейсга хизмат кўрсатиш имконияти пайдо бўлади, — дейди «Энтер Энгинеэринг» компанияси бош директори ўринбосари Рустам Ҳайдаров. — 2019 йилда биз ҳафта давомида 40 та рейсга хизмат кўрсатилган бўлса, эндиликда 120 тага этади.
Аэропортда кўрсатиладиган хизматлар арзон, сифатли, тез ва қулай бўлиши учун «ақлли» технологиялар ёрдамига таянилади. Ана шундай иш тутумининг юк ортиш ва етказиб бериш жараёнига ҳам қўлланилиши бошқа авмвкомпанияларни ҳам жалб этишга йўл очади. Бинобарин, вилоятда экспортбоп мева-сабзавотлар этиштириш кўпайиб боряпти. Бу маҳсулотларни карго хизмати орқали жаҳон бозорига чиқариш олис манзилларга ҳам сархил ва тез этиб боришини таъминлайди. Аэропорт «Очиқ осмон» режимида тўлиқ ишлай бошлагач, бу эрда 1000 кишининг бандлиги таъминланади.
Шу каби масъулиятли вазифаларни бажаришни «Аир Мараканда» компанияси давлат-хусусий шерикчилик шартлари асосида ўз зиммасига олган. Аэропорт инфратузилмасини ривожлантиришга 80 миллион доллар инвестиция киритилиб, уни Германиянинг Мюнхен, Туркиянинг Истанбул халқаро аэропорти мутахассислари билан ҳамкорликда йирик транспорт ва сайёҳлик марказига айлантирилиши режалаштирилган.
Рўйи замин сайқали
Самарқандгв борсам мен агар... Бундан 50 йил аввал раҳматли отам билан Регистонга келганимни эслайман. Қадимий майдон бирмунчайин чуқурда, олд томони эса бозор эди. Атрофда кўроқ озиқ-овқатлар, пишириқлар сотиларди.
Отамнинг «Болам, бу жуда муқаддас жой. Унда Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Мирзо Бобур юрган. Бу эрдаги мадрасада Алишер Навоий таҳсил олган», деган гапларини эслайман.
Регистон ҳанузгача шаҳарсозлик санъатининг мукаммал шоҳ асари бўлиб келмоқда. Ўзида Улуғбек, Шердор мадрасалари ва Тиллакори масжид-мадрасасини мужассам этган бу ансамбльʼ ранг-баранг кошинкори безаклари, нақшинкори пештоқлари, улкан гумбазлари блан бутундунё сайёҳларини лол қолдиради.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев топшириқлари асосида Регистоннинг чор-атрофи тубдан қайта қурилди. Ортиқча биною қурилмалар олиб ташланиб, обод сайилгоҳга айлантирилгач, унинг бўй-басти янада улуғворлик касб этди. Бу ер халқаро анжуманлар, маърифий-маданий тадбирлар, «Шарқ тароналари» каби фестиваллар ўтказиладиган, миллионлаб сайёҳларнинг қадами узилмайдиган табаррук масканга айланди.
Бугун буюк бобокалонимиз Амир Темурнинг маҳобатли ҳайкалига, тарихнинг суронли даврларига гувоҳ бўлган обидаларга қараб, беихтиёр олдинги кўримсиз ва ғариб манзаралар хаёлимда жонланади. Мустабид тузум даврида пала-партиш қуриб ташланган кўримсиз уйлар, пастқам савдо дўконлари, файзсиз тор кўчалар... Боз устига, бу ердаги саноат корхоналари ҳамда улардан атроф-муҳитга таралаётган бадбўй тутуни...
Хўш, эндичи?! Ҳудуднинг бугунги тароватини ўша даврлардаги манзара билан бир қиёслаб кўринг! Ер билан осмонча фарқ бор.
Қурилиш ҳамда таъмирлаш ишларида миллий меъморчилик анъаналари ва замонавий шаҳарсозликнинг энг юксак намуналари амалиётга изчил татбиқ этилаётгани диққатга сазовордир. Жумладан, Бўстонсарой, Рудакий, Панжакент, Даҳбед кўчалари, улар бўйларида қад ростлаган кўп қаватли уй-жойлар, бир қатор зиёратгоҳлар, ўнлаб иншотлар мазкур йўналишдаги ишларнинг ёрқин кўринишидир.
Шу билан бирга, шаҳарда ландшафт дизайни масаласига ҳам алоҳида аҳамият қаратиляпти. Каштан, эман, арча, қайин, Қрим қарағайи каби атроф-муҳит мусаффолигини таъминловчи турфа дарахтлар ўтқазилди, гулзор ҳамда яшил майсазорлар ташкил қилинди.
Бугунги кунда Самарқанд замонавий ишлаб чиқариш инфратузилмасига эга марказлардан бирига айланиб боряпти. Ҳозирги кунда бу ерда 1000 дан зиёд саноат корхонаси барқарор фаолият кўрсатмоқда. Шундан 200 га яқини хорижлик ҳамкорлар билан ташкил этилгани юртимизга чет эллик сармоядорлар катта қизиқиш билдираётганининг яна бир ёрқин тасдиғидир.
—Тадбиркорларимиз қўшни давлатлардан ташқари, Германия, Франция, Финляндия, Полша каби йигирмадан ортиқ мамлакатга ўз маҳсулотларини экспорт қилмоқда, — дейди Самарқанд шаҳар ҳокими Бобурмирзо Облоқулов. — Маҳаллийлаштириш дастурининг изчил амалга оширилиши туфайли импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар нафақат ички бозорларимизни тўлдирмоқда, балки хорижга ҳам сотилмоқда.
Бой тарихга эга бўлган бу азим шаҳар ўзининг улуғвор меъморий ёдгорликлари, мовий гумбазлари, бетакрор шарқона қиёфаси билан азалдан дунёда донг таратган. Шу боис ҳар йили бу эрга жаҳоннинг юздан зиёд давлатларидан миллионлаб сайёҳлар ташриф буюради.
— Тарих ва замонавийлик ажиб тарзда уйғунлашиб кетган бу гўзал шаҳарни томоша қилиб, юртингиз ўтмиши нечоғли буюклигини англадим, — дейди германиялик тадбиркор Гевард Коккерт. — Бу заминда пишиб этилган ширин-шакар меваларни дунёнинг бошқа жойида учратиш қийин. Мамлакат тараққиётига, шаҳару қишлоқлар ободлигига ҳамма бирдек ҳисса қўшаётгани ҳам таҳсинга лойиқ. эҳтимол, ана шу омиллар боис кўнглимда «Ўзбекистонга, Самарқандга яна кўп бор келаман», деган ният туғилди. Бу заминда кўрганларимни яқинларимга ҳам сўзлаб бераман.
Агар яқин орада хорижлик тадбиркорнинг яқинлари ёки ўзи бу ерга келса, янгидан-янги ўзгаришларнинг гувоҳи бўлиши, шубҳасиз. Чунки, Самарқанд яшаш учун қулай «миллионли шаҳар»га айлантирилади. Бунинг учун унинг таркибига қўшни туманлардан муайян ҳудудлар қўшилади. Давлат идоралари ва маъмурий хизматлар тарихий марказдан бошқа жойга кўчирилади. 2 та тоннельʼ ва 2 та кўприк қурилади.
Шу йил 9 декабрь куни Президентимизга Самарқанд вилоятида амалга ошириладиган лойиҳалар тақдимотида қайд этилганидек, унинг асосий драйверларидан бири бўлган туризм соҳасида 40 минг кишининг бандлигини таъминлаш кўзда тутилмоқда. Вилоятни юртимизнинг «Туризм дарвозаси»га айлантириш орқали келгуси беш йилда сайёҳлик хизматлари ҳажмини 10 баробарга ошириш мўлжалланган. Жумладан, 600 дан ортиқ янги меҳмонхона ва оилавий меҳмон уйлари ташкил этилади.
Бу соҳадаги энг улкан лойиҳа — тарихимиз, маданиятимиз ва «Янги Ўзбекистон» ғоясини ўзида мужассам этган Самарқанд бизнес ва туризм маркази ҳисобланади. 212 гектар майдонда барпо этилаётган бу масканда халқаро конгресс маркази, «Абадий шаҳар» карвонсарой мажмуаси, 8 та меҳмонхона, дам олиш ва кўнгилочар объектлар, ҳунармандчилик маркази, сунъий сув ҳавзалари бўлади. Бу ерда 5 мингдан зиёд ёшлар бандлиги таъминланади. Умуман, вилоятга ташриф буюрадиган хорижий сайёҳлар сонини йилига 5 миллионга етказиш мақсад қилинган.
Самарқанднинг тарихий қиёфасини сақлаш муҳим бўлганидек, аҳолининг ўсиб бораётган эҳтиёжи учун шароит яратиш ҳам энг устувор вазифа. Шаҳар чеккасидаги Қорасув мавзесида қурилаётган замонавий уй-жойлар ана шу мақсадга хизмат қилади.
Президентимиз 2019 йилда вилоятга ташрифи чоғида бу эрдаги дастлабки уйларни кўздан кечириб, янги лойиҳалар тақдимоти билан танишган эди. Ўтган даврда бу лойиҳалар ҳаётга кўчди, минглаб оилалар уй тўйларини нишонлади. Айни пайтга қадар мавзеда қурилган кўп қаватли уйлар сони 120 тадан ошди. Улар ёнида 1 минг 600 ўринли мактаб, 120 ўринли болалар боғчаси, маҳалла фуқаролар йиғини биноси, савдо дўконлари, ўйин ва спорт майдончалари қад ростлади. Бу ердаги қурилиш ишлари давом этяпти.
Самарқандга борсам ман агар... Шу табаррук заминда яшаб, ижод қилаётган дўстим, журналист ва шоир Фармон Тошев билан албатта дийдорлашаман. У бу гал ҳам Самарқанд вилоятидаги ўзгаришлар хусусида мароқ билан сўзлайди.
— Одамлар ўзгарди, — дейди у. — Илгари моддий ёрдам сўраганлар бугун тадбиркорлик учун ер, майдрн, кредит сўраб турибди. Лимон, помидор ва бошқа полиз ҳамда сабзавот етиштиришга ихтисослашган маҳалла ва қишлоқлар пайдо бўлди. Насиб этса, Нурободлаги қуёш станцияси, Дарғом каналидаги ихчам электро станциялар ишга тушса, электр энергиясидаги муаммолар ҳам ҳал бўлади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулоттлари 50 дан ортиқ давлатга экспорт қилинаяпти.
Вилоят ҳокимлиги ҳар йили энг фаол ижрлкорларни энг яхши китоб ва асар муаллифларини рағбатлантради. Шу йилнинг ўзида ўнга яқин ижолкорнинг китобини чиқариб берилди. Газетамизнинг қарийб 20 минг нусхада чиқиши ҳам одамлар тафаккурининг ўзгарганидан нишона.
Самарқандга борсам мен агар... Қадим тамаддун, боқий бунёдкор замин ҳар томонлама янгиланиб, ўзининг номига мос маҳобат ва улуғворлик касб этиб бораётганини кўриш ҳаммамизга ҳам насиб этсин.
Абдурауф ҚОРЖОВОВ,
«Янги Ўзбекистон» мухбири