"Дунё" ААнинг хабар беришича, учрашувда Самарқанд халқаро технология университети ва "Gimcheon High School" мактаби ўртасида Самарқанд шаҳридаги кам таъминланган оилалар фарзандлари учун Жанубий Кореядаги нуфузли мактабда уч йил давомида таълим олиш имкониятини берувчи ҳамкорлик меморандуми имзолангани ҳақида маълум қилинди.

Бу ҳамкорлик ўрта ва юқори синф ўқувчиларига хорижда таълим олиш имкониятини беради. Корейс, инглиз ва математика бўйича интенсив тренингдан ўтган беш нафар номзоддан уч нафари танлов асосида "Gimcheon High School"га ўқиш учун қабул қилинди.

Мактаб директори ўринбосари Сунг Минг Лининг таъкидлашича, уч нафар ўқувчига Жанубий Кореяга ўқиш, китоблар, турар жой ва авиачипта харажатлари қопланадиган стипендия берилади.

Учрашув якунида танловнинг уч нафар ғолибига "Gimcheon High School" мактабида ўқиш ҳуқуқини тасдиқловчи сертификатлар топширилди.