"Ховар" Тожикистон Миллий ахборот агентлигинининг хабар қилишича, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмоннинг топшириғи асосида "Қалъаи Хўжанд" мажмуаси қайта тикланмоқда. Қурилиш ишларига 300 нафардан ортиқ мутахассис ва қурувчилар, халқ ҳунармандлари ва рассомлари, декоратор, кулол ва ўймакорлар жалб этилган.
Лойиҳа асосида қалъа деворларини тиклаш, маъмурий бино барпо этиш, Хўжанднинг қадимий уйлари ва ҳовлилари намуналари, меҳмонхона ва музей, чойхона, ҳаммом, хизмат кўрсатиш шохобчалари ва бошқа ёрдамчи иншоотлар қурилиши режалаштирилган. Ишлар жадал суръатларда давом етмоқда.
Хўжанд қалъаси шаҳар истеҳком тизимининг ажралмас қисми сифатида, археологларнинг фикрига кўра, милоддан аввалги VI—V асрларда бунёд этилган. VI—VII асрларда янги қалъа қурилган. Ўрта аср Хўжанд қалъаси минтақадаги энг мустаҳкам қалъалардан бири ҳисобланган.