Меҳмонларни институт ректори, профессор Шавкат Ҳасанов кутиб олди ва уларга институт фаолияти, шунингдек, Япония билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида тақдимот ўтказди.

Учрашувда япон компанияси вакиллари талабаларга кунчиқар мамлакатда ўз касби бўйича ишлаш, амалиёт ўташ ҳамда таълим олиш имкониятлари ҳақида маълумот беришди. Шу билан бирга, бу имкониятлардан фойдаланиш учун япон тилини мулоқот даражасида билиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Йўналишга қизиққан ёшлар лойиҳа доирасида қўллаб-қувватланиши, саволларига жавоб олиши мумкинлиги қайд этилди.

Шунингдек, “NINAITE” компанияси 2026 йил июль ойидан бошлаб институтнинг 4-босқич битирувчи талабаларини Япония қишлоқ хўжалиги соҳаларида ишлашга таклиф этмоқда. Ёзги мавсумда ҳақ тўланадиган амалиётга бораётган талабаларнинг авиачипта харажатлари қоплаб берилади.

СамАТИ талабалари шу вақтга қадар Германия, Полша каби Европа давлатларида амалиёт ўтаб келган бўлса, эндиликда улар учун Японияда ишлаш ва тажриба орттириш имконияти ҳам яратилмоқда. Шу муносабат билан институтда япон тили курси фаолияти ҳам йўлга қўйилди.