Самарқанд ветеринария медицинаси институти айни кунда АҚШнинг Миннесота университети билан ҳамкорликда 2020-2023 йилларга мўлжалланган Twining дастурини амалга оширмоқда. Хорижий экспертлар билан бу борада ҳамкорлик алоқаларини мувофиқлаштириш юзасидан бир неча бор музокаралар олиб борилган. Дастурнинг асосий мақсади Ўзбекистонда ветеринария таълимини Халқаро Эпизоотик Бюро (ХЭБ) талаблари асосида ташкил этиш, 5 йилликка мўлжалланган ўқув режа, малака талаблари ва фан дастурларини ишлаб чиқиш, институт профессор - ўқитувчиларининг мазкур таълим даргоҳида малака ошириш ҳамда таълим олишларини йўлга қўйишдан иборат.  Йил давомида Халқаро Эпизоотик Бюро экспертлари мамлакатимизга ташриф буюриб, мазкур дастур доирасида амалга оширилиши режалаштирилган ишлар хусусида учрашувлар, мулоқотлар ва  келишувлар ташкил этилган.

Жорий йилнинг 28 январь – 7 февраль кунлари Ўзбекистон Республикаси  Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Самарқанд ветеринария медицинаси институти мутасаддиларидан иборат делегация АҚШнинг Миннесота университетида хизмат сафарида бўлиб қайтишди.

Илм сари йўл

Миннесота университети Америка Қўшма Штатларининг 1600 та олий ўқув муассасалари орасида кучли 10 таликда, халқаро рейтинг бўйича топ -1000 таликда  177- ўринни банд қилган. Университетга қарашли бўлган 17 та коллеж ва 10 дан ортиқ илмий ва таълим марказларида жами 52 минг нафарга яқин талабага 3,5 минг нафардан зиёд профессор-ўқитувчилар таълим беришади.

Қўшма Штатларда айни кунда 33 та олий таълим муассасаларида ветеринария мутахассислари тайёрланадиган бўлса, биз ташриф буюрган университетнинг ветеринария медицинаси коллежи улар орасида етакчилардан саналади. Коллеж қошида Қишлоқ хўжалик ҳайвонлари, отлар ва майда ҳайвонлар ветеринария клиникалари, ҳайвонлар виварийси, инфекцион касалликлар диагностик маркази (марказ бутун штатга хизмат қилади) фаолият кўрсатмоқда. Коллежда таълим тизими амалиёт билан чамбарчас боғланган бўлиб, штатдаги 9000 минг бош қорамолга эга бўлган сутчилик фермаси, бошқа қишлоқ хўжалиги ҳайвонлари мавжуд бўлган фермер хўжаликлари, турли хусусий клиникалар ҳамда ит ва мушуклар сақланадиган питомниклар билан узоқ муддатли шартномалар тузилган. Талабалар учун фермаларда барча шароитлар, яъни ўқув аудиториялари, ётоқхона, лабораториялар мавжуд.

 Америкада ветеринария мутахассисларига талаб жуда катта, дейишди. Twinning дастури сафар режасига кўра, Миннесота университетининг дастур бўйича масъул ходими “Ҳайвонлар касалликлари ва озиқ-овқат хавфсизлиги маркази” директори ўринбосари, доктор Мариа Сол Перез бошчилигида олий ўқув юртининг бош биносидаги мажлислар залида бўлдик. У ерда коллежнинг магистратура ва докторантура бўйича декани, профессор Сандра Годден билан магистратура ва докторантурада ўқишнинг ташкил қилиниши, илмий соҳага ажратиладиган маблағлар, магистратура ҳамда докторантурага қабул бўйича талаблар ҳамда бошқа масалаларга бағишланган тақдимоти билан танишдик. Шунингдек, сафар давомида университетнинг халқаро алоқалар бўйича проректор ёрдамчиси, халқаро дастурлар факультети декани, профессор М.Маккуайд, Ветеринария медицинаси коллежи декани, профессор Л.Молгард, “Хайвонлар саломатлиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги” маркази бошлиғи, профессор А.Перез, “Глобал саломатлик ва ижтимоий жавобгарлик” маркази директори, доктор Ш.Прасадлар билан учрашдик. Улар билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, таълим, илмий ва методик соҳада алоқаларни ривожлантириш, халқаро ва миллий грантлар танловларида биргаликда иштирок этиш, шунингдек мамлакатимизда ветеринария медицинаси таълими, ветеринария хизмати ҳамда озиқ-овқат хавфсизлиги тизимларини такомиллаштириш бўйича музокаралар олиб борилди.

Америкада ўқишга кириш ва уни давом эттириш осонми?

АҚШда мактаб битирувчилари тўғридан - тўғри университетнинг ветеринария медицинаси коллежига ўқишга қабул қилинмайди. Ёшлар мактабни тамомлагандан сўнг, ҳудди биздаги 3 йиллик ихтисослаштирилган ветеринария техникумига ўхшаш ўқув муассасасини тугатиб, кейин мазкур коллежга ўқишга қабул қилиниши мумкин экан(Мисол учун, чет давлатлардан келадиган ёшлар шу мутахассисликка яқин бўлган биология, ветеринария соҳаси ўқитиладиган ўқув юртларини тугатиб келган бўлишлари керак). Яъни, университетга киришнинг асосий талаби – ўқувчилар тавсия асосида ўқишга қабул қилинади. Бакалавриат босқичи 100 фоиз тўлов-контракт асосида ўқитилади. Кириш имтиҳонлари учун йил давомида ҳужжат топширилади, аммо талабгорларда албатта тавсиянома бўлиши шарт. Кириш имтиҳонларида тест синови эмас, балки индивидуал суҳбат ўтказилади. Талабгорлар шу штатда яшаса 30 минг доллар, бошқа штатдан келган бўлса 60 минг доллар миқдорида контракт маблағи тўлайди. Бакалавриатга кирган талаба учун Давлат томонидан кредит берилади. Талаба ўқишни битиргунча давлатдан 145 минг долларгача қарз бўлиб кетаркан, уни умри давомида ҳам тўлаши мумкин.

Магистратура ва докторантура босқичлари мутлақо бепул, аксинча давлат уларга тўлайди. Магистратура босқичида талабага 29, 30 минг АҚШ доллари атрофида стипендия тўланади. Умуман, магистратурага кириш талаблари учун бирмунча оғир ва ҳамма ҳам бу босқичда ўқий олмайди. Америка мезонларига кўра, махсус сертификат ва тегишли баллни тўплай олишсагина, бу босқичга қабул қилинади. Хуллас, ўқув дастурлари бўйича катта фарқлар мавжуд эмас, аммо масъулият талабанинг ўзида!

Миннесота университети коллежларида ўқув жараёнлари учун ҳамма шароит бор, аудиториялар 6-8 талабадан иборат кичик гуруҳларга мўлжалланган, маъруза хоналари ҳам катта эмас. Йиллик қабул квотаси 104 тани ташкил этади, яъни 104 нафар талаба ветеринария медицинаси йўналишига ўқишга қабул қилинади. Ўқув режалари 4 йиллик ўқишга мўлжалланган бўлиб, университетнинг педагогик ҳайъати томонидан тасдиқланади. Коллежда, албатта Америка кредит тизими асосида ўқитилади ва бизникидан фарқли ўлароқ, 1 кредит 45 соатга, бизда эса Европа кредит тизими асосида 1 кредит 30 соатга мўлжалланган. Бизда ҳар бир семестрга 30 кредит миқдорида тенг бўлинган, 4 ўқув йилига жами 240 кредитни ташкил этади. Уларда эса аксинча, ҳар ўқув семестрида ўқитиладиган фанларнинг хусусиятидан келиб чиқиб кредитлар миқдори белгиланган. Ўқув режасида фанларнинг бўлимлари, қисмлари алоҳида фан сифатида ўқитилади. Мисол учун, 5 та асосий клиник фанлардан бири бўлган – ички юқумсиз касалликлар фани коллежда ҳар бир ҳайвон турлари бўйича дарслар чуқурлаштирилиб ўтилади.

Ўқув режасига киритилган фанлар ХЭБ тавсиясига кўра, тузилган 21 та фанлардан уларда 18 таси, қолган учтаси талабанинг танловига кўра ўқитилади. Бизда ХЭБ тавсия қилган 17 та фан ўқитилади. Худди биздагидек ўқув режада мутахассислик бўйича мажбурий фанлар ва танлов фанлари мавжуд. Ўқув дастурининг 70 фоизи мустақил таълим олишга йўналтирилган. Талаба кўпроқ ўз устида ишлайди. Ҳар бир талаба йўқ деганда биттадан ноутбук, қолгани 2 ёки 3 тадан ноутбук ишлатаётганига кўзимиз тушди. Фанлардан имтиҳонлар индивидуал тарзда эмас, гуруҳ шаклида олиб борилади. Яна бир қизиқ жиҳати – 1 курсдан уларда лидерликни ривожлантириш бўйича алоҳида дарс соатлари қўйилган. Уларда ҳам биздагидек ёзги ва қишки семестр бор. Мазкур коллежда 400 дан зиёд бакалавриатда, 90 нафар магистратурада талабалар ўқийди.

Сонга эмас сифатга эътибор қаратилади

Талаба ўтиш балини тўплай олмаса қайтадан ўқийди ёки четлаштирилади (бунда унинг фаоллигигига, илмий мақолаларига эътибор берилар экан), бизда эса курсда қолдирилади. Бизда бу вазиятда 4 йил ўқиш учун бакалавриатда 8 йилгача, магистратурада 4 йилгача рухсат берилган. Талабанинг масъулияти катта бўлиб, у ўйлайди: “Агар шу кредитни тўплай олмасам, фанни ўзлаштира олмайман, демак мутахассис ҳам бўла олмайман!”. Масъулиятнинг кўп қисми талаба зиммасида, ўқитувчида эмас. Ўқув жараёнида асосий фигура профессор-ўқитувчи эмас, таълим олувчи талабанинг ўзи!

Бекор турган ёки юрган ёшларга кўзингиз тушмайди, ҳаммаси нима биландир машғул. Ўқув корпуслари йўлакларида ётиб олган, ёнида 2 та ноутбук ва тушлиги ҳамда бошқа керакли нарсалари бўлган талабаларга бизнинг кўзимиз унча ўрганмаган, аммо уларда бу ҳолат табиийлик ҳисобланади ва ҳеч ким ажабланмайди.

Шунингдек, битирувчиларни иш билан таъминланиши бўйича мониторинг олиб борилмайди. Биз шу масала билан қизиқиб кўрганимизда, “... бунга эҳтиёж йўқ, чунки улар 100 фоиз иш билан таъминланади”, деган жавобни олдик. Компаниялар, фирмалар ва клиникалар битирувчига ўзлари иш юзасидан таклиф билан келишаркан. Демак, уларда битирувчиларни ишга жойлаштириш бўйича мониторинг йўқ, сабаби – битирувчилар 100 фоиз ишга қабул қилинади. АҚШда ветеринария соҳаси бўйича мутахассислар танқис ҳисобланар экан. Аммо, битирувчи биргина диплом билан ишлай олмайди, ҳар бир штатнинг рухсатнома (лицензия) берувчи ташкилоти бор, ҳар 2 йилда лицензия янгилаб турилиши керак. Лицензия олишнинг энг биринчи ва асосий талаби – штатнинг қонунларини билиши шарт. Ёшлар бакалавриат босқичини тамомлаганидан сўнг 2 – 3 йил ишлаб чиқаришда фаолият кўрсатиб, малака ошириб, тажриба орттириб, бирдан докторантурада ўқишни давом эттириши ҳам мумкин экан, демак, бу ҳолатда магистратурада ўқиш талаб этилмайди.

Ижтимоий шароит фақат сифатли таълимга қаратилган. Университет ва коллеж ҳудудида талаба учун ҳам ўқитувчи учун ҳам қулай ижтимоий шароит яратилган. Бинолар, аудиториялар, йўлаклар, кутубхона, кафелар асосан талабалар учун хизмат қилади. Университет ўқув бинолари икки катта шаҳарларда (Миннаполис ва Сан Паул) жойлашган бўлиб, талаба ва ўқитувчилар учун кампуслараро бепул автобуслар махсус график бўйича қатнайди. Минтақада иқлим совуқ ҳамда қиш узоқ вақт давом этганлиги учун ҳар бир ўқув биноси, лабораториялар, кутубхоналарни бир-бирига боғловчи ер ости ва ер усти тунеллари барпо этилган (Талабаларнинг совуқда ташқарида юриши шарт эмас).

Ўқитувчи ишлаши ва педагогик технологияларни қўллаш учун ҳар бир аудиторияда замонавий махсус ахборот коммуникация жиҳозлари (электрон доска, микрофон, проектор ва ҳоказо) билан таъминланган (латта ва бўр ишлатилмайди). Ўқув жараёни учун адабиётларни таъминлаш учун Ахборот ресурс маркази фаолият кўрсатмоқда. Марказнинг ҳар бир йўналиш учун алоҳида бўлимлари бор. Барчаси битта электрон тизимга уланган. Талаба истаган жойидан туриб ундан фойдалана олади. Ўқув лабораторияларида талабалар ўқитувчи иштирокида ёки айрим ҳолларда ўзлари амалиёт ўтказишади. Шунингдек, ўқув клиникаси ҳамда виварийсида сақланадиган касал ва соғлом ҳайвонлар учун ҳам максимал қулай яшаш шароити яратилган. Ветеринария медицинаси коллежининг озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш лабораторияси ва ўқув аудиторияларида ҳам ўта замонавий ва қулай шароитлар мавжуд. Талабалар дастлабки босқичларда анатомия ва физиология каби фанларни чуқур ўзлаштириб, юқори курсларда клиник фанлардан диагностика қилиш ҳамда даволаш тадбирларини ҳайвонларда ўз кўзи билан кўриб, қўллари билан бажариш учун барча имкониятлар қилинган.

Дунё томон юзландик

Эндиликда СамВМИда Халқаро Эпизоотик Бюронинг махсус кабинети ташкил этилади. Бюро эксперти Дмитрий Морозов жорий йилнинг май ойида мамлакатимизга ташриф буюриши кутилмоқда. Америка сафари давомида эксперт билан бу мавзуда мулоқот қилдик, режаларимиз ва мақсадларимиз билан ўртоқлашдик. У бу лойиҳага ўз ҳайрихоҳлигини маълум қилди. Келажакда ХЭБнинг махсус кабинети СамВМИда ташкил этилиши – бу биз учун катта имконият ва масъулият демакдир. Демак, дунё томон юзланамиз.

Хуллас, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги туб ўзгаришлар, соҳада эришилган ютуқлар ҳамда натижалар янада самаралироқ тус олади. Халқаро Эпизоотик Бюро билан ҳамкорликнинг янги даври бошланади, дея умид қилиш мумкин.

Худайназар ЮНУСОВ,

Самарқанд ветенария медицинаси институти ректори,

биология фанлари доктори, профессор,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган чорвадор

Maria Sol Perez

Миннесота университетининг Twinning дастури бўйича масъул ходими,

“Ҳайвонлар касалликлари  ва озиқ-овқат ҳавфсизлиги маркази” директор ўринбосари