Бугунги кунда мамлакатимизнинг олис ҳудудларида ҳам замонавий тадбиркорлик субъектлари пайдо бўлиб, бозор учун импорт ўрнини босувчи, экспортбоп янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилаётгани бунинг тасдиғидир.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ҳар ойда реал сектор ва хизматлар соҳасида ишбилармонлик муҳитини ўрганиш ҳамда ҳудудларда бизнес-фаоллик бўйича туркум ахборот-таҳлилий материаллар нашр этиб боради. Бунда бизнес ҳолатининг қисқа муддатли сифатли баҳоланиши сўровлар ва расмий статистик маълумотлар асосида амалга оширилади.
Жумладан, май ойидаги сўровлар шуни кўрсатдики, ишбилармонлик муҳитининг жамланган индекси бир ой олдинги пасайишдан кейин ўсган, яъни аввалги ойга нисбатан 1 пунктга ошиб, 60 пунктни ташкил этди. Бизнес ҳолатининг ўзгариши кўпроқ қурилиш ва саноат секторидаги ижобий ўзгаришларга боғлиқ бўлди.
Шу билан бирга, хизмат кўрсатиш соҳасидаги бизнес-иқлим бироз пасайган бўлса-да, умуман олганда, ўтган ойда Ўзбекистонда ишбилармонлик муҳити ҳолати сезиларли даражада яхшиланган. Республика бўйича 1000 дан ортиқ тадбиркор иштирок этган сўров натижалари шуни кўрсатади.
Сўровномада ўз бизнесининг ҳозирги ҳолатини “яхши”, деб баҳолаган респондентлар улуши 40 фоизни, “ёмон” деб билувчилар эса 12 фоизни ташкил этди. Шу билан бирга, корхоналарнинг 23 фоизи ишчилар сонини кўпайтирган, 45 фоизи ўз товар ва хизматларига талаб ўсганини қайд этди.
Таъкидлаганимиздек, жамланган кўрсаткичнинг ўсишига саноат ва қурилиш тармоқларидаги бизнес-иқлим динамикаси сезиларли таъсир кўрсатди. Хусусан, саноатда ишбилармонлик кайфияти 13 пунктга ўсиб, 67 пунктга етди, қурилиш секторида эса мос равишда 12 пунктга кўтарилиш, яъни 70 пунктгача ўсиш кузатилди. Бироқ, агар хизмат кўрсатиш соҳасидаги ишбилармонлик муҳитининг жамланган кўрсаткичи йил бошидан бери кетма-кет тўрт ой давомида барқарор ўсишни кўрсатган бўлса, май ойида у 7 пунктга пасайиб, 60 пунктни ташкил этди.
Бизнесни ривожлантириш истиқболларини кутишнинг жамланган кўрсаткичи уч қийматга ўсиб, 75 пунктни ташкил этди. Бу саноат секторидан тадбиркорлар ишончи яхшилангани билан изоҳланади. Хусусан, ушбу сектордаги бизнес кутилмалари бир ой ичида 20 пунктдан кўпроққа кўтарилиб, 61 пунктдан 82 пунктга яхшиланди.
Кейинги уч ойда ўз бизнеси умумий аҳволи яхшиланишини кутаётган тадбиркорлар улуши 74 фоизни ташкил этди, 69 фоизи товар ва хизматларга талабнинг янада ошишига умид билдирган. 64 фоизи эса ишчи-ходимлар сонини кўпайтиришни режалаштирмоқда. Шу билан бирга, тадбиркорларнинг 20 фоизи яқин уч ой ичида ўз товар ва хизматлари нархи ошишини кутмоқда.
Умуман олганда, ушбу кўрсаткичлар ва кутилмалар ўртасидаги боғлиқлик таҳлили иқтисодиёт ривожланишидаги ижобий тенденция келгуси уч ойда ҳам давом этишини билдиради.
Яна бир диққатга сазовор жиҳат: тўсиқларга дуч келган тадбиркорлар сони бир ойда 6 фоизга озайган. Масалан, молиялаштириш ва ер участкаларидан фойдаланишда қийинчиликларга дуч келган респондентлар улуши бир ой ичида мос равишда 4 ва 10 фоизга камайди. Апрель–май ойларида юқори солиқ ставкалари хусусида саволи бор тадбиркорлар улуши 9 фоиздан 4 фоизга тушди.
Қишлоқ хўжалиги вакилларининг солиқ маъмуриятчилигидаги муаммолар бўйича саволи 9 фоизга ошди. Шу билан бирга, молиялаштиришда қийинчиликлар мавжудлигини қайд этганлар улуши 15 фоизга, ер участкалари ва сув таъминотида эса 6 фоизга камайди.
Қурилиш соҳасида солиқ маъмуриятчилиги, рухсатнома ва лицензиялар, газ таъминоти, коррупция ва кадрлар етишмаслиги билан боғлиқ муаммолар ҳақида хабар бериш камайди.
Хизмат кўрсатиш соҳасида ер участкаларидан фойдаланишда муаммоли жиҳатлар кўпайгани ҳолда, молиявий муносабатларга киришишда қийинчиликларни кўрсатувчи тадбиркорлар улуши 3 фоизга, юқори солиқ ставкалари эса 4 фоизга камайган.
Биламизки, Янги Ўзбекистоннинг 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида тадбиркорлик фаолиятини ташкил қилиш ва доимий даромад манбаларини шакллантириш учун шароитлар яратиш, хусусий секторнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 80 фоизга ва экспортдаги улушини 60 фоизга етказиш мўлжалланган.
Юқоридаги рақамлардан кўриниб турибдики, бугун Ўзбекистонда ишбилармонлик муҳитига таъсир этувчи сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий, ижтимоий омилларга катта аҳамият берилаётгани ушбу мақсадга эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатлардир. Яъни, энг аввало, ишбилармонлик муҳитини шакллантириш учун ҳуқуқий замин яратилгани, аниқроғи, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қонун устуворлиги таъминланаётгани, бу қонунлар тадбиркорлик фаолиятини кучайтириш томон йўналтирилаётгани эътиборга молик.
Тараққиёт стратегияси хорижий инвестицияларни ўзлаштириш ва замонавий технологияларни кенг қўллаш билан боғлиқ муҳим вазифаларни ўз ичига қамраб олар экан, бунда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш мақсадида кичик бизнес ва тадбиркорликни рақобат асосида ривожлантириш учун янгича ёндашувларни тақозо этади.
Ферузбек ДАВЛЕТОВ,
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг
саноат кластерлари фаолиятини ривожлантириш
шўъбаси раҳбари