Бу қарор санъат, маданият аҳли узоқ кутган, соҳа ходимларининг дилидан тилига чиққан оламшумул бир ҳужжат бўлди. Зеро, шу пайтгача ҳали бу соҳада бундай қарор қабул қилинмаган, бунчалик миқдордаги маблағ ҳам йўналтирилган эмас. Бир йил учун бу жуда катта сармоя, албатта. Шу жиҳатдан олиб қараганда ҳам, мазкур ҳужжат санъаткорларни руҳан кўтарадиган, уларни тиниб-тинчимасликка ундайдиган қарор бўлди. Қарорнинг ҳар бир бандида энг долзарб, ечимини кутиб турган вазифалар белгиландики, бу борада давлатимиз раҳбарининг эътибори тушмаган ҳеч бир жиҳат қолмади. Бу аввало, санъат аҳлига бўлган юксак эътибор. Айниқса, ёшларга кенг имкониятлар берилгани соҳага қадам қўяётган эртамиз эгалари қалбидаги муҳаббатни янада зиёда этди.
Қарор қабул қилингач, Маданият вазирлигида кенг қамровли, санъат аҳлини жам қилган йиғилиш бўлди. Мажлисда иштирок эта туриб, шу пайтга маданият ва санъат соҳасида жуда кўп жиҳатларга эътибор бермай келинганини яна бир бор чуқур ҳис қилдим. Шунингдек, бу нафақат ёшу кекса, балки барча санъатга дахлдор инсонларга бирдек қувончли, умидбахш қарор бўлди.
Ёш санъаткорлар, ижодкорларга қаратилган эътибор ҳам таҳсинга сазовор. Бундай ишлар соҳада бўлмаган ҳали. Энди юрагида умид учқуни уйғонган ҳар бир ёш уйли-жойли, қўшимча ишли бўламан, ҳеч кимдан кам бўлмайман, деб эзгу ният билан юракдан ишлайдиган пайт келди. Ҳеч шубҳасиз, юксак даражадаги эътироф, ғамхўрликни ҳис қилган келажагимиз ворислари албатта ватанга фидокорона хизмат қилади.
Биз, катта авлод вакиллари ҳам давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз томонидан билдирилган ишончга муносиб тарзда изланишдан тўхтамаслигимиз, тинимсиз ишлашимиз керак. Неча йиллик бой тажрибаларимиздан келиб чиқиб шакллантирадиганимиз — “Маҳорат мактаби” орқали кўплаб умидли ёшларнинг тақдирида муҳим ўрин тутишимизни ҳис қилишнинг ўзи қанчалар шарафли.
Қарор билан Ўзбекистон давлат филармонияси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан лекторий концертлари ўтказилиши, уларни ўтказиш билан боғлиқ харажатларнинг давлат томонидан молиялаштирилиши ҳам соҳада кўплаб тизимли ишларнинг амалга ошишида муҳим ўрин тутади.
Ўзбек халқининг миллий маданиятини тарғиб этувчи танловларнинг жорий этилиши эса, миллий мусиқа санъатимиз, миллий қўшиқчилигимиз тараққиётига, ўзбек санъатининг дунёга юз тутишига муносиб хизмат қилади. Мусиқа чолғуларида бажарилган энг яхши 100 та ижро, 100 та миллий қўшиқ, 100 та миллий мусиқий клиплар кашф этилиши билан санъатимизда ҳозиргидан-да ноёб дурдоналар пайдо бўлади. Энг муҳими, кенг қамровли ушбу қарор билан халқимизнинг ўзига хос маданияти ва санъати ривожланишнинг янги палласига қадам қўяди.
Ғуломжон Ёқубов,
Ўзбекистон халқ артисти