Асрлар давомида улуғ шоир ва олимлар, моҳир бастакорлар, ҳофиз ва созандаларнинг машаққатли меҳнати ва фидоийлиги, ижодий тафаккури билан сайқал топиб келаётган ушбу ноёб санъат нафақат юртимиз ва шарқ мамлакатларида, балки дунё миқёсида катта шуҳрат ва эътибор қозонган.

Кеча ўзбек миллий мақом санъатининг етук намоёндаси, унинг ривожига улкан ҳисса қўшган санъат дарғаси Юнус Ражабий таваллудининг 125 йиллиги муносабати билан мақом йўлларида ижод қилувчи устоз санъаткорлар, мақомшунослар буюк ижодкорнинг уй-музейида бўлишди.

Устоз хотирасига Қуръон тиловат қилиниб, уларнинг қолдирган бой мероси, ҳаёт йўллари ҳақида илиқ хотиралар билан ўртоқлашишди.