Ташкил этилган танлов бу йўналишда таълим олаётган ёш истеъдодларга нафақат ўз маҳоратларини намойиш этиш, балки профессионал тажриба алмашиш пировардида, ўз соҳасининг етук мутахассисларидан қимматли маслаҳатлар олиш имкониятини ҳам берди. Танлов иштирокчиларининг ўзбек ва жаҳон мумтоз композиторлари асарларидан тузилган ижро дастурларини маҳорат билан ижро этишлари, қизғин баҳсли кураш жараёнлари, ўзаро дўстона олқишлар, қолаверса, уларнинг кўзларидаги хурсандчилик, шод-хуррамлик Республикамизда ёшларга оид давлат сиёсатининг амалдаги кўринишидир, десак хеч муболаға бўлмайди.
1998 йилдан мунтазам ўтказиб келинаётган ушбу танловнинг бу йилги саралаш босқичида иштирок этиш имконини 143 нафар иштирокчи қўлга киритди. Мусиқа шинавандаларининг анъанавий санъат ва маданият байрамига айланган ушбу танловни иштирокчилар интиқлик билан кутишган эди. Кичик гуруҳ (11-13 ёш) ва катта гуруҳ (14-15 ёш) иштирокчилар ўртасида ўтказилган ушбу танлов ёғоч-дамли, мис-дамли ва зарбли чолғулар йўналишларида олиб борилди. Иштирокчиларнинг ижодий ижро маҳоратини ҳар бир йўналиш бўйича нуфузли олий даражадаги ҳакамлар ҳайъати оқилона баҳолаб боришди.
Танлов сўнгида Республикамизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган меҳмон иштирокчилар учун пойтахтнинг кўзга кўринган машҳур қадимий обидалари, музейлари ва кўнгилочар жойларига саёҳат ташкиллаштирилди.
Танловнинг тантанали ёпилиш ва тақдирлаш маросими Ўзбекистон давлат консерваториясининг катта залида бўлиб ўтди. Тадбир ташкилотчилари навбат билан сўзга чиқиб, иштирокчиларни бугунги эришаётган муваффақиятлари билан табриклади. Маросимда 63 нафар иштирокчилар биринчи, иккинчи, учинчи ўрин ғолиблари бўлганликлари эълон қилинди.
Байрамона концертнинг ёрқин дастурида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондонининг ўринбосари С.Д.Мамаюсупов ва Ўзбекистон бастакорлари ва композиторлари уюшмаси раиси Р.Абдуллаевлар ғолиб иштирокчиларни диплом, эсталик статуэткалари ҳамда “Соғлом авлод” халқаро хайрия фонди томонидан эсталик совғалар билан тақдирладилар.
Дамли ва зарбли чолғу ижрочиларининг “Санъат ғунчалари” XXIII Республика танловнинг ёпилиш маросимига бағишланган концерт дастурида Республика ва халқаро танловлар лауреатлари ва Ҳарбий мусиқа академик лицейининг дамли ва зарбли чолғулар оркестри томонидан М.Қўчқоровнинг “Зафар”, З.Э.Салиховнинг “Умид”, Михо Хазама қайта ишлаган “Триллер”, Виктор Курницкийнинг “Franck-Rok”, Б.Шёлоковнинг “Болалар учун концерт”, А.Вивалдининг “Еstate”, Евгения Живаев аранжировка қилган Ботир Зокировнинг қўшиқлари ва ўзбек куйларига “Поппури” ва бошқа мусиқий номерлар ижро этилди. Концерт сўнгида 2 та вилоят ва Ҳарбий мусиқа академик лицейига “Yamaha” компанияси томонидан қимматбаҳо чолғу асбоблар туҳфа этилди.
Дилдора КАМОЛОВА,
Ҳарбий мусиқа академик лицейи
катта ўқитувчиси