2022 йилдан буён мамлакатимизда турли давлатлардан келган қарийб 100 нафар машҳур рассом иштирокида бешта йирик халқаро пленэр ўтказилди. Ушбу ижодий учрашувлар давомида 2000 га яқин ноёб рангтасвир ва графика асарлари яратилди. Бугунги кунда ушбу кенг қамровли тўплам фондлар ва экспозицияларда эҳтиёткорлик билан сақланиб, Ўзбекистон миллий бадиий меросининг муҳим қисми сифатида эътироф этилмоқда.

Асарларда мамлакатимиз ва бошқа давлатларнинг маданий мероси, туркий халқларнинг миллий либослари, турли мамлакатларнинг бетакрор табиати, ҳайвонот олами ҳамда бошқа кўплаб мавзулар акс этган.

Мазкур ташаббуслар доирасида Астрономия боғида Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети — “Green University” ҳузурида “ArTepa” санъат галереясининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Галерея Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ташаббуси билан ташкил этилди.

Президент маслаҳатчиси, Экология миллий қўмитаси раиси Азиз Абдухакимовнинг таъкидлашича, дунёда энг экологик миллат бўлса, албатта бу — ўзбек халқидир. Чунки тарихимизни ўрганадиган бўлсак, санъат асарларимиз, ҳунармандчилигимиз, каштачилигимиз — барчасида табиат акс этганини кўрамиз. Уларни чуқур ўрганиб, тўғри талқин қилсак, барчасида табиатга бўлган ҳурмат ва меҳр ифодаланган.

— Ушбу 100 та ноёб асарни бизнинг ҳурматли рассомимиз бевосита Яшил университетга совға қилишга қарор қилдилар. Шу тариқа мазкур асарлар илк бор университет галереясида намойиш этилмоқда.

Қўшимча қилиб айтадиган бўлсак, кўргазмага бағишлаб рассомнинг барча асарлари жамланган махсус каталог ҳам нашр этилди. Ушбу каталог санъат ихлосмандлари учун улкан эстетик илҳом манбаи бўлиши билан бирга, юртимиз бой маданий меросини тарғиб қилувчи қимматли тўпламдир. Шунингдек, экология билан боғлиқ маданий тадбирлар халқимиз, ёшларимиз, Тошкент шаҳри аҳолиси ҳамда меҳмонларни мавжуд экологик муаммоларга янада кўпроқ эътибор қаратишга ундайди, — деб қўшимча қилди Президент маслаҳатчиси, Экология миллий қўмитаси раиси Азиз Абдухакимов.

Галерея очилиши муносабати билан “Дилором Мамедованинг 100 та ноёб асари” номли кўргазма ташкил этилди. Дилором Мамедова санъатга садоқат тимсоли ва замонавий ўзбек тасвирий санъатининг ёрқин намояндаларидан биридир. 30 йилдан ортиқ вақт давомида унинг ижоди томошабинларни илҳомлантириб келмоқда. Рассомнинг асарлари Ватанга муҳаббат, миллий анъаналарга ҳурмат ва инсон қалбини чуқур ҳис этиш билан бойитилган.

— Бугун ҳақиқатдан ҳам мен учун жуда катта бахтли кун. Ростини айтсам, кўргазмамга шунча кўп одам келишини кутмаган эдим. Бугун бу ерга шунча инсонлар келиб, асарларимга қизиқиш билдиргани мен учун катта қувонч.

Бу кўргазмада 100 та асарим намойиш этилмоқда. Бундан ташқари, яна учта катта асарим билан ҳам иштирок этяпман. Бу менинг янги йўналишим, янги ва енгил услубим. Биринчи марта шу услубдаги асарларимни кўргазмага қўйдим.

Шу фурсатдан фойдаланиб, аввало давлатимизга, Экология қўмитасига ва “Green University”га жуда катта миннатдорчилик билдирмоқчиман. Чунки менга шундай имконият яратиб бердилар, галерея очилиб, рассомлар учун шароитлар яратилди. Мен ҳам шундай рассомманки, давлатимиз менга кўп имконият берган. Шунинг учун мен ҳам яхшилик қилишим керак, деб ўйладим.

Шу сабаб бугун мен бир қарорга келдим: ушбу 100 та ноёб асаримнинг барчасини давлатга топшираман, — деди кўргазма асарлари муаллифи Дилором Мамедова.

Кўргазманинг очилиш маросимида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маданият ва санъат арбоблари, рассомлар, дипломатлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Шунингдек, тадбирда UNDP — БМТ Тараққиёт дастурининг мамлакатдаги доимий вакили Акико Фужии ҳам иштирок этиб, ўзининг самимий тилаклари билан бўлишди.

— Жуда ажойиб рассом ва “Green University” билан ҳамкорлик ҳам жуда яхши намуна. Ўзбекистоннинг буюк рассоми билан бундай ҳамкорлик жамоатчилик орасида санъат орқали экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга оид хабардорликни янада оширишга катта туртки беради. Ушбу галереянинг очилиши менда жуда катта таассурот қолдирди. Барчангизни чин юракдан табриклайман. Раҳмат, — деди у.

“Дилором Мамедованинг 100 та ноёб асари” кўргазмаси икки ой давом этади. Мамлакатимиз рассомлари янги ғоялардан илҳомланиб, халқаро санъат майдонида тобора фаол ва ишонч билан ўзларини намоён этаётгани қувонарли ҳол.

Мадина Ботиржонова