Қарор билан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг (Санитария-эпидемиология хизмати) асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари ҳамда ҳуқуқлари белгиланди.
Санитария-эпидемиология хизмати ва унинг тизимидаги ташкилотлар, жумладан, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида эпидемияларга қарши курашиш қоидаларини бузишга оид ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларга нисбатан тегишли тиббий асослар мавжуд бўлган тақдирда карантинда сақлаш ёки даволаниш тарзидаги тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш ҳуқуқига эга.
Қарор билан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Санитария-эпидемиология хизмати аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва жамоат саломатлиги соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш учун жавобгар бўлган ваколатли давлат бошқаруви органи ҳисобланиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги таркибига киради.
Санитария-эпидемиологик хизматининг бошлиғи бир вақтнинг ўзида соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари ҳамда Бош давлат санитария врачи ҳисобланади.
Санитария-эпидемиология хизмати ва унинг ҳудудий бўлинмалари ўз ваколатларини барча давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда амалга оширади.
Санитария-эпидемиология хизмати бошлиғи Президент томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.
Қарор билан қуйидагилар ташкил қилинди:
- Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт маркази ҳузурида юридик мақомига эга бўлмаган Биологик хавфсизлик маркази ҳамда Ген технологиялари маркази;
- Санитария-эпидемиология хизмати марказий аппарати ва унинг ҳудудий бўлинмаларида тегишлича Соғлиқни сақлаш кўрсаткичлари таҳлили ва истиқболни белгилаш маркази ва унинг бўлинмалари.
Қарога кўра шунингдек, хавфни таҳлил қилиш механизмини жорий қилиш учун назорат остидаги объектларнинг ягона электрон базаси яратилади ва 2021 йил 1 январдан бошлаб тўлиқ ишга туширилади ҳамда «Электрон ҳукумат» тизимига интеграция қилинади, деб хабар беради Адлия вазирлиги матбуот хизмати.