2021 йилда мамлакатимиз иқтисодиёти камида 5 фоизга ўсиши кутиляпти. Мурожаатномада мазкур мақсадга эришишнинг устувор йўналишлари белгилаб берилган. Энг аввало, нефтгаз-кимё, металлургия, машинасозлик, электротехника, фармацевтика, қурилиш материаллари, тўқимачилик, чарм-пойабзал, озиқ-овқат ҳамда “яшил иқтисодиёт” билан боғлиқ саноат тармоқлари иқтисодиётимизнинг “драйверлари”га айланиши зарур. Бунда хусусий секторнинг ташаббуслари ва янги лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, кооперацияни тараққий эттириш алоҳида ўрин тутди.
Табиий савол туғилади. Нега айнан ушбу омилларнинг етакчи куч бўлишига ишонч билдириляпти? Тўғри, иқтисодий барқарор ўсишни таъминлашда барча тармоқларнинг ривожи ва ҳиссаси алоҳида ўрин тутади. Лекин таҳлиллар жаҳонда пандемия авж олиб, иқтисодий инқироз шароитида юқорида қайд этилган уч омил асосий кучга айланган тармоқ ва корхоналарда ривожланиш жадаллашиб, бошқа соҳаларни ҳам ўз ортидан етаклаётганини кўрсатмоқда.
ПАРДОЗБОР ТОШЛАР КЛАСТЕРИ
Пештоқига “Мармаробод” деб ёзилган бинога киришингиз билан унинг кенг саҳнидаги дастгоҳларнинг маҳобати эътиборингизни тортади. Улар тоғ жинсларини ҳар қандай ҳажмда ва қалинликда кесади, мармар ва гранитларга камалакдай жило бериб, чиройли маҳсулотга айлантиради.
— Энг сўнгги авлодга мансуб бу дастгоҳлар Хитойдан келтирилган, — дейди “НБУ Ғозғон инвест” МЧЖ компанияси раҳбари Отабек Қурбонов. — Улар комьпютер дастурлари орқали инсон ақлини шоширадиган ишларни бажара олади. Энг муҳими, анъанавийларига нисбатан маҳсулот таннархини тўртдан бир баробар камайтирган ҳолда, йилига 1,2 миллион кубометр маҳсулот тайёрлаш имкониятига эга. Бу жиҳатдан ишлаб чиқаришимиз соҳадаги энг йирик корхона ҳисобланади. Дастлабки босқич доирасида компаниямиз ва махаллий тадбиркорлар иштирокида 14 та лойиҳа ишлаб чиқилди. Айни кезда мармарга ишлов бериш бўйича австриялик ишбилармонлар билан янги қўшма корхонани ташкил қилиш лойиҳаси устида иш олиб боряпмиз.
Президентимизнинг 2018 йил баҳорида Навоий вилоятига ташрифи чоғида мазкур ишларга таъмал тоши қўйилган эди. Топшириққа мувофиқ, “Мармаробод” давлат унитар корхонаси ташкил этилди. Бир йил давомида 10 миллиард сўм маблағ эвазига даштликдаги 6 гектар ерда замонавий корхона ишга туширилди. Хориждан 655,5 миллион долларлик технология олиб келиниб, йилига 24 минг квадрат метр гранитни қайта ишлаш имконияти яратилди.
Буларнинг ҳаммаси дастлабки босқичига доир тадбирлар бўлса, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 12 март куни ушбу корхонага ташрифи давомида унинг навбатдаги лойиҳалар кўлами белгилаб берилди. Яъни, эндиликда табиий тошларни қазиб олиш ва қайта ишлаш кластер усулида амалга оширилади. Асосий мақсад — лойиҳа қувватини йилига 3 миллион квадрат метрга етказиш, маҳсулотлар турини кўпайтириш ва экспортга йўналтиришга қаратилади.
Қайд этиш жойиз, 2019-2020 йилларга мўлжалланган биринчи босқичда 52 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилган эди. 2021-2022 йилларда жорий этиладиган лойиҳалар қиймати 145 миллион доллардан ортади.
Мамлакатимизда ўз соҳасида ягона ҳисобланган ушбу кластернинг ҳудуди 37 гектар. У ўз таркибига гранит ва мармар конларидан тортиб, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш корхоналарини қамраб олган. Коранавирус карантинининг энг оғир даврида ҳам қурилиш обеъктларидаги иш бир зум тингани йўқ. Пашшот, Паргат конларининг устки қисмини очиш баробарида янги ускуналар ёрдамида гранит тошларни казиб олиш, пардозоп маҳсулотлар тайёрлаш ишлари йўлга қўйилди.
—“Мармаробод” МЧЖ кластернинг асосий бўғини, яъни барча қайта ишловчиларни хомашё билан таъминловчи бош корхона ҳисобланади. — дейди жамият раҳбари Маҳмуд Шарофатов. —Унинг йиллик қуввати 70 минг куб метр табиий тошни қазиб олишга мўлжалланган. Бу ҳажм дастлабки босқичда бош корхонанинг ҳам, тадбиркорларнинг ҳам эҳтиёжини тўла қондиради.
Бундан ташқари, кластер таркибида ғозғонлик маҳаллий тадбиркорлар учун 10 та ишлаб чиқариш биноси барпо этилди. Уларни қуриш ва замонавий қайта ишлаш дастгоҳлари билан жиҳозлаш учун ишбилармонларга имтиёзли кредитлар тақдим этилди. Шу асосда бешта корхона ўз фаолиятини бошлаган бўлса, қолганлари ҳам тез орада маҳсулот тайёрлашга ўтади.
“Мармаробод” ҳудудида банк, сервис хизматлари, ўқув маркази, эҳтиёт қисмлар ва дастгоҳлар сотиш дўкони ҳам ташкил қилинди. Унинг диллерлик тармоғи пойтахтимизда ва бошқа вилоятларда ҳам тоборо кенгайиб боряпти. Ушбу филиаллар орқали харидорлар ўз яшаш манзилидан туриб, исталган тур ва ҳажмдаги маҳсулотга буюртма беришлари мумкин. Яна бир жиҳати, харидорларни топишда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузурида ташкил этилган саноат кооперацияси портали ҳам уларга яқин кўмакчи бўлиб турибди.
Яқинда шаҳар мақомини олган Ғозғоннинг яқин келажагини бамисоли табиий пардозбоп тошлар водийсига қиёслаш мумкин. Бу ерда биз ҳикоя қилган корхоналар билан бир қаторда табиий пардозбоп материаллар ишлаб чиқарувчи "Trade production international" МЧЖ ҚK ва "Gazgan stone" MЧЖ ҳам ўз фаолиятини йўлга қўяяпти. "Gazgan Marble Grup" МЧЖ эса, гранит тошларни қайта ишлашда ҳосил бўладиган увоқлардан композит қоплама материаллар тайёрлашга ихтисослашган.
Айтиш мумкинки, Ғозғон пардозбор тошлар бўйича Ўзбекистоннинг жаҳон бозоридаги брендини юзага келтирувчи алоҳида ишлаб чиқариш маконига айланмоқда. Айни пайда бу ерда кичик саноат қувватлари 164 та бўлиб, қўшма корхоналар сони 14 та, табиий тошларни қазиб олиш ишлари билан шуғулланувчи бизнес субъектлари 25 тага етди. Ҳудудий экспорт ҳажми 900 минг долларни ташкил этади.
Мурожаатномада эътироф этилганидек, ҳозирги кунда Ғозғондаги деократив тошлар билан бир қаторда Намангандаги тайёр кийим-бош, Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги “Технопарк” каби саноат кластерлари ўз самарасини кўрсатиб, ушбу тизим афзалликларини намоён этмоқда. Вазирлар Маҳкамаси жорий йилнинг 1 апрелигача истиқболли саноат кластерлари рўйхатини аниқлаб, уларни жадал ривожлантиришга қаратилган алоҳида дастур ишлаб чиқиш устида иш олиб боряпти.
Умуман олганда, 2021 йилда мамлакатимизда 23 миллиард доллар қийматидаги инвестицияларни ўзлаштириш зарур бўлади. Натижада 226 та йирик саноат ва инфратузилма объекти ишга туширилади. Навоий кон-металлургия комбинатида 2 та йирик металлургия заводи, Олмалиқ кон-металлургия комбинатида техноген рудани қайта ишлаш корхонаси, шунингдек, республикамиз бўйича тўқимачилик, қурилиш материаллари, чарм-пойабзал, озиқ-овқат ва фармацевтика тармоқларида юзлаб янги ишлаб чиқариш қувватлари барпо этилади.
ИНДУСТРИАЛ ТАРАҚҚИЁТ ПЛАТФОРМАСИ
Бу дунёда неки нарса борки, бир-бири билан узвий боғлиқ. Масалан, замонавий электрон инфратузилмани шакллантирмасдан ва тармоқларни интеграция қилмасдан туриб, рақамли иқтисодиётни ривожлантириб бўлмайди. Рақамли билимлар ва замонавий ахборот технологиялари саноат кооперациясини ривожлантириш ва талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришда ҳам асқотади.
Кейинги йилларда тегишли давлат идораларида (солиқ, божхона, статистика, сертификатлаштириш ва бошқа) ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари, уларнинг сифат сертификатлари, фаолият йўналишлари ҳақида электрон маълумотлар базаси вужудга келтирилди ва уларнинг бир-бири билан ахборот алмашуви тоборо кенгайиб боряпти.
Буларнинг ҳаммаси, ўз навбатида, Президентимизнинг 2019 йил 24 августда имзоланган “Давлат ва хўжалик бошқаруви ҳамда маҳаллий ижроия ҳокимияти органларининг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноат тармоқларида кооперация алоқаларини жадаллаштиришнинг янги тизимини жорий этиш бўйича масъулиятини янада ошириш тўғрисида”ги қарори асосида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузурида 2019 йилнинг 15 ноябрида Электрон кооперация портали (cooperation.uz ) ни ишга туширишда қўл келди.
— Порталимиз саноатда кооперация алоқаларини ривожлантириш, кичик бизнес субъектларини ишлаб чиқариш фаолиятига кенг жалб этиш ҳамда хўжалик юритувчи субектлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик учун қулай шароит яратиш мақсадида ташкил этилган, — дейди Электрон кооперация портали маркази раҳбари Фаррух Хўжамқулов. — У орқали истеъмолчилар мамлакатимиздаги корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар, хомашё ва материалларни харид қилишлари мумкин. Маҳаллий саноат корхоналарининг рўйхатдан ўтиши, ўз маҳсулотлари тўғрисидаги маълумотларни жойлаштириши, харидор топиши учун ҳеч қандай тўлов талаб қилинмайди. Хўжалик шартномаларининг тезкорлик билан масофадан тузилиши “онлайн” услубида амалга оширилади.
Шу ўринда бир мисол. Навоий кон-металлургия комбинати маҳаллийлаштирилган ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича республиканинг энг йирик корхоналардан бири ҳисобланади. 2020-2021 йилларга мўлжалланган маҳаллийлаштириш дастури комбинатда тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқариш ҳажмини 3,3 баробар кўпайтириш орқали импортни 76,2 миллион АҚШ долларига қисқартириш имконини беради.
Пандемия туфайли юзага келган қийинчиликларга қарамай, комбинат маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга импорт ўрнини босувчи 100 дан ортиқ турдаги маҳсулот ва хизматларни таклиф этиб, уларни Электрон кооперация порталига ҳам жойлаб келяпти. Ўтган йилнинг бошида бу кўрсаткич нари-бериси билан 60 тача эди. Унинг табора ортиб бораётгани кон-металлургия тармоғида маҳаллийлаштириш кўламининг янада кенгайиб бораётганидан далолат беради. Мутахассисларнинг фикрича, маҳсулотларнинг порталга қўйилиши, биринчидан, валютани тежайди, иккинчидан, ишлаб чиқарувувчиларнинг янгидан-янги маҳсулотларни ўзлаштиришига имкон яратади, учинчидан, янги инновацион ишланмалар жорий этилади, тўртинчидан, янги иш ўринлари ва даромад манбаи кўпаяди.
Комбинат кўмагида “Навоийазот” АЖда праэстол флокулянти, “Carbide Impex” МЧЖда ферроқотишмалар, “Ihlas Elektrik” МЧЖда графитланган электродлар, “Navpromlitmash” МЧЖда технологик ғалвирлар, “SDK Group And” ХКда фильтрлаш элементларининг янги турларини маҳаллийлаштириш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.
Бундай мисолларни ҳар бир соҳадан келтириш мумкин. Чунки, Электрон кооперация порталида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасида алоқаларнинг таъминланиши туфайли шу йил январь ойи охирига келиб, 73825 та корхонанинг 162,5 минг турдаги маҳсулоти савдога қўйилди. Уларнинг хариди бўйича 5,6 триллион сўмлик 41 308 та ўзаро ҳамкорлик шартномалари тузилди.
Порталда маҳсулотларнинг бошланғич нархини пасайтириш сўрови бўйича рақобатчилар томонидан таклиф этилган қулай нархларда шартномалар шаклланишидан буюртмачилар яхши манфаат кўриб келяпти. Бунинг ҳисобига уларнинг 1,13 триллион сўм миқдоридаги маблағи иқтисод қилинди. Аслида лотларнинг жами бошланғич нархи — 6,73 триллион сўмни ташкил этган эди.
Албатта, электрон савдо майдончаси орқали ўтказилган “онлайн” харид жараёнидан кейин маҳсулотларнинг сифати, ўз вақтида етказилиши ва тўловига бўлган кафолот муҳим ўрин тутади. Бу қай тариқа амалга оширилади?
— Биринчидан, ишлаб чиқарувчининг маҳсулоти сертификатлаштирилмаган бўлса, электрон портал уни қабул қилмайди, —дейди Фаррух Хўжамқулов. — Тузилган шартнома муддати бузилса, келишув бўйича белгиланган устама тўланади. Лекин шу пайтгача бундай ҳолат содир бўлгани йўқ. Чунки, буюртмани ўз вақтида бажаришдан ишлаб чиқарувчиларнинг ўзи манфаатдор. Истеъмолчи маҳсулотини қабул қилиб олганлиги ҳақида электрон маълумот порталимизга келиб тушган заҳоти унинг “банки”даги шартномавий сумма ишлаб чиқарувчининг ҳисобварағига ўтади. Тўлов кафолотига келадиган бўлсак, буюртмачининг тузилган шартнома бўйича маҳсулот суммаси порталга тушмагунча, электрон тизим маҳсулотнинг етказиб беришга йўл бермайди...
Вақт шиддати, маҳсулотлар турининг кўпайиши, рақобатнинг кучайиши, энг аввало, рақамлашиб бораётган замон билан ҳамқадам ишлашни тақозо этади. Шу боис маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашни кенгайтириш, уларни экспорт фаолиятига жалб этишни янада рағбатлантириш мақсадида порталда янги хизмат турлари жорий этиб бориляпти. Хусусан, яқинда мамлакатимизда фаолият юритаётган 40 мингдан зиёд ҳунармандлар ҳамда ижтимоий тадбиркорлик субъектларининг маҳсулотларини онлайн тарзда сотиш бўйича савдо платформаси ишга туширилди. У миллий ва халқаро тўлов тизимлари билан интеграция қилинганлиги сабаб ҳеч бир тўсиққа дуч келинмайди ва ҳар қандай масофадан туриб савдо-сотиқ қилишни кафолатлайди.
Президентимиз томонидан ўтган йил 21 августда имзоланган “Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорида 2020 йил 1 ноябрга қадар cooperation.uz порталида республикада тайёрланаётган барча товарлар (ишлар, хизматлар)нинг техник кўрсаткичлари 10 та рақамли ТИФ ТН коди ва ишлаб чиқарувчиларга боғланиш маълумотлари билан биргаликда жойлаштирилишини ҳамда мунтазам равишда янгилаб борилишини, унинг Ташқи савдо операциялари ягона электрон ахборот тизими (ТСОЯЭАТ) ва Давлат харидларининг махсус электрон портали (xarid.uz) билан интеграциясини таъминлаш вазифаси юклатилган эди. Бу вазифа ўз вақтида бажарилди ва бугунги кунга келиб порталда 68 099 та корхона томонидан 163 мингдан зиёд маҳсулотлар интеграллашган ҳолда савдога қўйилган. Бу Электрон кооперация порталида рўйхатдан ўтган жами корхоналарнинг 94 фоизни ташкил этади.
Шунингдек, аҳоли бандлигини таъминлашга ва ишлаб чиқаришнинг турли йўналишларида махсус билим ҳамда кўникмаларга эга малакали мутахассисларга эҳтиёжи бўлган саноат корхоналарига кўмаклашиш бўйича махсус вакансиялар саҳифаси ҳам фаолият кўрсатяпти.
Бугунги кунда халқаро миқёсда ҳам тармоқлараро саноат кооперациясини ривожлантириш иқтисодиётни бошқаришнинг муҳим воситасига айланган. Президентимизнинг 2020 йил 12 ноябрдаги “Афғонистон Ислом Республикаси билан иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори билан тасдиқланган чора-тадбирга мувофиқ, давлат буюртмачилари учун портал орқали маҳсулотларни харид қилишни тест режимида ишга тушириш ишлари якунига етказилди. Бу ўзаро савдони янада эркинлаштириш, икки давлат тадбиркорлик субъектларининг ташқи иқтисодий фаолиятда кенг иштирок этиши учун қулай шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади. Зеро, мамлакатимиз билан қўшни давлат ўртасидаги ўзаро йиллик савдо ҳажмини 2023 йилгача 2 миллиард АҚШ долларига етказиш мўлжалланмоқда.
Давлатимиз раҳбари 2020 йил 12-13 ноябрь кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида Электрон кооперация порталида саноатимиз базавий тармоқ корхоналарининг “Виртуал кўргазма” майдонини жорий этиш юзасидан топшириқ берган эди. Бундай кўргазма хизмати маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга маҳсулот ҳажмини мавжуд талаблар асосида режалаштириш, янги импорт ўрнини босувчи товарлар тайёрлашни йўлга қўйишга доир оқилона қарорлар қабул қилиш имконини беради. Шу асосда “Ўзбекнефтегаз” АЖ таркибидаги корхоналарнинг тайёр маҳсулоти, унга талаб этиладиган хом-ашё, бутловчи буюм ва материаллар, шунингдек асбоб-ускуналарининг тез ишдан чиқувчи қисмлари (маҳсулот чизмаси ва техник кўрсаткичлари кўрсатилган ҳолда) тўғрисидаги “Виртуал кўргазма”си яратилди. Бу борадаги ишлар белгиланган жадвал асосида давом эттирилиб, мамлакатимиздаги барча саноат корхоналарининг ана шундай электрон харитаси тайёрланади.
Қиссадан ҳисса шулки, Электрон кооперация порталининг икки йилдан сал ортиқ вақтдаги фаолияти тармоқлар ва ҳудудлар ўртасида ўзаро кооперация бўлмас экан, қўшилган қиймат занжирини ва янги индустриал тараққиётни тасаввур ҳам қилиб бўлмаслигини яна бир карра кўрсатиб турибди. Бинобарин, маҳаллий саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмлари ва номенклатурасининг кенгайиб бориши, рақобатнинг кучайиши кўзланган мақсадларга қисқа йўл билан боришга, янгидан янги ривожланиш босқичларини эгаллашга асос яратади.
Абдурауф ҚОРЖОВОВ,
иқтисодий шарҳловчи