Ўзбекистоннинг илмий доирадаги имижи
Глобаллашаётган дунёда ҳаётимизни илм, маърифат ва таълим тараққиётисиз тасаввур этиб бўлмайди. Боиси, қайси соҳада ўзгариш, ривожланиш ёки кашфиёт кузатилаётган бўлса, унинг моҳияти, пойдевори — илм-фан. Шунинг учун ҳам жаҳоннинг етакчи давлатлари таълим ва илм-фанни ривожлантиришга биринчи галдаги стратегик вазифа сифатида қарайди.
Ўзбекистоннинг бу борадаги позициясини эса давлатимиз раҳбарининг қуйидаги сўзлари ифодалайди: “Ҳаммамизга аёнки, тараққиётнинг тамал тоши ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам бу — илм-фан, таълим ва тарбиядир. Эртанги кунимиз, Ватанимизнинг ёруғ истиқболи, биринчи навбатда, таълим тизими ва фарзандларимизга бераётган тарбиямиз билан чамбарчас боғлиқ”.
Сўнгги йилларда таълим тизимида бўй кўрсатаётган ўзгаришлар бу таъкиднинг амалиётдаги ҳаракати, самарасини яққол намоён этмоқда. Биргина фактга эътибор қаратайлик: юртимизда ўтган беш йилда 22 та хорижий ҳамда 21 та нодавлат олий таълим муассасаси ташкил этилган, қабул квоталари 3 баробар ортган.
Тизимдаги ўзгаришлар қиймати рақамлар билан ўлчанмайди, албатта. Қачонки, сон ва сифат муштарак бўлса, кўзланган мақсадга эришилган ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан бугун ҳар бир олий таълим муассасасининг илмий салоҳиятини ошириш, йўналишда мавжуд муаммоларга ечим топишга тизимли ёндашилмоқда.
Илм-фан ривожи ислоҳотлар одимига мосми?
Очиғини айтиш керак, кейинги беш-олти йилда илм-фан ривожи учун янги давр бошланди. Илм аҳлининг игна билан қудуқ қазишдек машаққатли меҳнати қадр топа бошлади. Илмга эътибор жамият учун икки муҳим натижа беради: биринчиси, ижтимоий долзарб муаммоларга илмий асосланган ечим топиш муддати қисқаради. Иккинчидан, ўз соҳасининг сир-синоатларидан пухта хабардорлик таълим сифатининг яхшиланишига сабаб бўлади.
Қисқаси, натижаси кафолатланган теорема ишга тушади: оқибат билан эмас, сабаб билан курашиш амалиётига ўтилади. Олий таълим муассасаларида илмий салоҳият йилдан-йилга ошиб бораётгани алоҳида эътиборга молик. Жумладан, мавжуд илмий салоҳият Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Тошкент давлат аграр университети, Ўзбекистон Миллий университетида 60 фоиздан, “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” Миллий тадқиқот университети, Ўзбекистон давлат хореография академияси, Самарқанд давлат университетида эса 50 фоиздан юқори.
Мазкур ижобий натижа билан бирга 14 та олий таълим муассасасида илмий салоҳият 18 фоиздан 30 фоизгачани ташкил этаётганини ҳам айтишимиз керак. Бу кўрсаткич илмий даражага эга профессор-ўқитувчилар нисбатига қараб белгиланади. Олий таълимга қамровнинг кескин ортиши эса мазкур масалада қисқа вақтда самарали чоралар кўришни тақозо этади.
Бу, айниқса, узоқ йиллар мудроқ ҳолатда бўлган кўплаб олийгоҳлар олдига янги масалаларни қўйди. Уларни ён-атроф да кечаётган ислоҳотларга мос, янги Ўзбекистонга хос фаолият юритишга мажбур қилмоқда. Хусусан, ўтган йили юртимиздаги олий таълим муассасаларида 1765 та докторлик диссертацияси (1521 та фалсафа докторлиги (PhD) ва 244 та фан докторлиги (DSc) учун) ёқланди. Бу кўрсаткич 2019 йилга нисбатан 60 фоиз ошганини кўрсатди.
Диссертациялар ҳимояси бўйича Ўзбекистон Миллий университети, Самарқанд давлат университети, Тошкент давлат педагогика университети ва Бухоро давлат тиббиёт институти энг яхши натижани қайд этди. Ўтган йили диссертация ёқлови кўрсаткичи юртимиз олий таълим муассасаларидаги ҳар 10 нафар илмий даражали профессор-ўқитувчига нисбатан ўртача 1,7 нафарни ташкил этди.
Бу борада Термиз давлат университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти, Бухоро давлат тиббиёт институти, Тошкент давлат педагогика университети ҳамда Ўзбекистон Миллий университети нисбатан яхши кўрсаткичга эга бўлган. Бироқ 2021 йилда ўтказилган жами диссертациялар ёқловининг олий таълим муассасаларидаги профессор унвонига эга ходимлар (2 657 нафар) нисбатига назар ташланса, бир профессорга биттадан ҳам тўғри келмагани ойдинлашади.
Ваҳоланки, фан доктори бир вақтнинг ўзида 5 нафаргача тадқиқотчига илмий раҳбар ва маслаҳатчи бўлиши мумкин. Масалага диссертациялар ёқлови бўйича илмий кенгашларни кўпайтириш, докторантлар, илмий даражага эга профессор-ўқитувчилар, илмий раҳбар ва маслаҳатчиларнинг масъулиятини ошириш, самарали меҳнатни рағбатлантириш орқали ечим топиш мумкин. Бундан ташқари, ҳар бир олий таълим муассасаси ўзининг илмий салоҳиятидан тўлиқ ва унумли фойдаланиши зарур.
Танганинг икки томони
Сўнгги йилларда мамлакатимизда илм-фан ва тадқиқот олиб боришга қизиқиш ортди. Боиси соҳага давлат сиёсати даражасида эътибор қаратила бошлади. Шунингдек, янги таҳрирдаги “Таълим тўғрисида”ги қонунда олий таълимдан кейинги таълим — илмий-тадқиқот олиб бориш босқичлари ва шакллари — таянч докторантура, докторантура, мустақил изланувчилик, илмий даража ва унвонлар бериш масалалари қонун билан мустаҳкамлаб қўйилди.
Ўзбекистон Республикасининг “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида”ги қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг “Илм-фан ва таълим соҳасидаги давлат ташкилотларида илмий, илмий-педагогик ва меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи илмий даражага эга ходимларга қўшимча ҳақ тўлаш тўғрисида”ги қарори эса илмий-тадқиқотларни рағбатлантиришда янги босқични бошлаб берди.
Ҳозир 70 та олий таълим муассасаси ва вазирлик тизимидаги 5 та илмий ташкилотда докторантура фаолияти йўлга қўйилган. Жорий йилда докторантурага қабул квотаси ўтган йилга нисбатан 100 фоиз оширилди. Айни пайтда олий таълим муассасаларида 5 281 нафар докторант (4 964 нафар таянч докторант — PhD, 317 нафар докторант — DSc) ва 650 нафар стажёр-тадқиқотчи илмий-тадқиқот билан шуғулланмоқда.
Кўрсаткичлар таҳлилига кўра, докторантурада ўз муддатида диссертация ёқлови кўрсаткичи ўртача 50 фоизга тенг бўлиб, 8 та олий таълим муассасасида ўз муддатида ҳимоя қилиш кўрсаткичи ўртача 70 фоиздан юқори. Чунончи, Термиз давлат университети — 85; Тошкент давлат стоматология институти — 75,8; Наманган муҳандислик-технология институти — 71,2; Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети — 71; Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг кўрсаткичи 70,5 фоизни ташкил этди.
Ютуқлар ўзимизники, лекин соҳадаги камчиликлардан ҳам кўз юма олмаймиз. Жумладан, 6 та олий таълим муассасасида ўз муддатида диссертация ёқлаш кўрсаткичи 20 фоиздан паст. Бу докторант ва мустақил тадқиқотчилар билан ишлашда тизимлилик етишмаётгани, уларга зарур шарт-шароит яратилмагани, илмий раҳбар ва илмий маслаҳатчиларнинг масъулиятсизлигини англатмайдими?! Шу боис, олий таълим муассасаси ректорлари ҳар чоракда камида бир марта докторантлар билан юзма-юз мулоқотда бўлиши, муаммоларини ҳал қилишда амалий ёрдам кўрсатиши зарур.
Сон ва сифат пропорционалми?
Саноқдан сифат сари тамойилини амалдаги саъй-ҳаракатга айлантириш вақти аллақачон келганини тан олишимиз шарт. Чунки мамлакатимизда кечаётган ислоҳотлар, янгиланишлар биздан илмий фаолиятни янги босқичга олиб чиқишни талаб этяпти. Биргина мисол, 2017 йили диссертациялар ёқлови бўйича атиги 32 та илмий кенгаш фаолият юритган бўлса, ўтган йили улар сони 172 тага етганини таъкидлаш жоиз.
Шу билан бирга, илғор халқаро тажрибадан келиб чиққан ҳолда бир қанча нуфузли олийгоҳларнинг илмий кенгашлари доцент ва профессор илмий унвонлари, фалсафа ва фан доктори илмий даражаларини бериш ваколатига эга бўлди. Илмий даража олиш жараёни бирмунча енгиллаштирилгани сифатга салбий таъсир ўтказмайдими, деган ҳақли савол туғилади. Бугунги ҳолатга қараб дабдурустдан жавоб бериш мушкул.
Юқорида айтганимиздек, 2021 йилда 1 762 та диссертация ёқланган. Бироқ бу кўрсаткични илмий кенгашлар нисбати билан таққослаганимизда рақамлар мувозанатида муҳокамали ҳолат кузатиляпти. Мана, масалан, Қўқон давлат педагогика институтининг битта илмий кенгашида 33 та диссертация ёқланган бўлса, Бухоро давлат университетида эса бу кўрсаткич ўртача 6 тани ташкил этяпти.
Бундан кўринадики, айрим кенгашлар ҳақиқатан ҳам фаол, айримлари эса суст ишламоқда. Масаланинг ечими яна олий таълим муассасаларининг раҳбарларида қолмоқда. Яъни ҳар бир ректор, проректор фаолияти давомида илмий кенгаш аъзолари билан яқиндан ишлаши, уларни ўйлантираётган муаммоларни тинглаш билан чекланмай, ҳал қилишга кўмаклашиши, ҳисоботлардан хабардор бўлиши, сифат ва сон кўрсаткичидаги мувозанатни сақлаши лозим.
Президентимизнинг “Давлат олий таълим муассасаларининг академик ва ташкилий-бошқарув мустақиллигини таъминлаш бўйича қўшимча чора- тадбирлар тўғрисида”ги қарори эса айни масалада янада кенг имкониятларни юзага келтирди. Яъни 2022 йил 1 январдан илмий кенгаш аъзоларининг ярмидан кўпи мазкур кенгашни тузган таълим муассасасида фаолият юритувчи олимлардан иборат бўлиши кераклиги ҳақидаги талаб бекор қилиниб, ҳар бир олий таълим муассасаси кўзга кўринган олимларни жалб этган ҳолда илмий кенгашларни очиши мумкинлиги белгиланди.
Илмий кенгашлар ишини ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда масофавий шаклда ташкил қилиш имконияти мавжудлиги, ҳудудлар ижтимоий-иқтисодий ривожланишида илмий тадқиқотлар ролини кучайтириш учун эндиликда вилоятлардаги олийгоҳларда бундай кенгашлар ишини ташкил қилишга алоҳида эътибор қаратилиши лозим.
Халқаро рейтинглардаги натижа яхшиланиши учун...
Олий таълим муассасалари илмий салоҳиятининг ошаётгани, табиийки, мамлакатимизнинг жаҳон саҳнидаги илмий имижига ҳам ижобий таъсир этади. Бу имижнинг қиймати эса олий таълим муассасаларининг QS (Quacquarelli Symonds) ва Times Higher Education (THE) халқаро рейтинг ташкилотларининг 1000 та энг яхши олийгоҳи қаторига кириши билан ўлчанади. Шунингдек, дунёнинг энг яхши олий ўқув муассасалари қаторида бўлиш учун сўнгги беш йилда халқаро илмий-техникавий маълумотлар базасининг индексланган илмий журналларида профессор-ўқитувчиларнинг илмий мақолалари нашр қилингани ҳам инобатга олинади.
Бундан ташқари, Хирш индекси (h индекси) дунёда тадқиқотчиларни илмий ташкилотда доимий иш билан таъминлаш масаласини ҳал қилишда ёрдамчи омиллардан бири бўлиб келмоқда. Айни масалалар юзасидан бажарилган ишлар натижаси ўлароқ, ўтган йили Scopus халқаро илмий-техник маълумотлар базасида индексланувчи нуфузли илмий журналларда юртимиз олий таълим муассасалари ўқитувчиларининг 3 389 та мақоласи нашр этилди.
Бу 2019 йилга нисбатан 2,6 баробар кўп, дегани. Аммо Scopus халқаро илмий-техник маълумотлар базасидаги илмий журналларда чоп этилган мақолалар сони 100 нафар профессор-ўқитувчига нисбатан ўртача 10 тани ташкил этган. 25 та олий таълим муассасасида бу кўрсаткич 3 тага ҳам етмайди. Ҳар бир муаммонинг ечими бор. Ушбу масалани ҳал этишнинг биринчи босқичи сифатида, аввало, олий таълим муассасаларида тегишли фан тармоғи бўйича халқаро тан олинган илмий журналлар (Q1, Q2 кварталли) рўйхатини шакллантириш ва улар билан ҳамкорликни кучайтириш керак.
Шунингдек, нуфузли халқаро илмий журналларда мақола чоп эттиришга доир махсус амалий семинар-тренингларни кўпайтириш, мақоласи чиққан муаллифларни рағбатлантириш механизмидан самарали фойдаланиш зарур. Энг муҳими, ҳар бир жараён олийгоҳ ректори, илмий кенгашнинг доимий назоратида бўлиши шарт. Яна бир муҳим ташаббус: олий таълим муассасалари илмий журналларининг Scopus, Science Direct ва бошқа халқаро илмий-техник маълумотлар базаларига босқичма-босқич киритилишини таъминлаш лозим.
Бу борада илк қадамлар ташлангани бизни қувонтиради. Жумладан, Ўзбекистон Миллий университетининг “Bulletin of National University of Uzbekistan: Mathematics and Natural Sciences” илмий журнали, Тошкент давлат техника университетининг “Technical science and innovation” ва “Chemical Technology, Control And Management”, “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” Миллий тадқиқот университетининг “Irrigation and Melioration”, Тошкент кимё-технология институтининг “Chemistry and chemical engineering” илмий журналлари Scopus халқаро илмий-техник маълумотлар базасида индексация қилиниши учун ариза берилган. Шу йўсинда беш-олти йилда 35 та илмий журнални нуфузли халқаро базаларга киритиш режалаштирилмоқда.
Ғоядан тайёр маҳсулотгача
Илм-фанни қўллаб-қувватлаш бевосита маблағга бориб тақалади. Бу хусусда ҳам олий таълим тизимида ижобий натижаларга эришилди. Жумладан, давлат илмий-техник дастурлари доирасида ўтган йили олий таълим муассасаларида умумий маблағи 165 миллиард 445 минг сўм бўлган 403 та илмий лойиҳа бажарилди. Бу лойиҳаларнинг 59 таси фундаментал, 193 таси амалий, 101 таси инновацион ҳамда 50 таси ёш олимларнинг фундаментал, амалий ва иннновацион лойиҳалари саналади.
Молиявий тушумлар ҳисоботига кўра эса, 2021 йилда олий таълим муассасаларидаги бир нафар профессор-ўқитувчига нисбатан илмий лойиҳалардан тушган маблағ ўртача 5 миллион сўмдан тўғри келмоқда. 22 та олий таълим муассасаси бу борада юқори кўрсаткичга эришган бўлса, 32 та олийгоҳ ва филиалларда давлат дастури доирасидаги илмий лойиҳалардан молиявий тушум мутлақо бўлмаган. Халқаро илмий-амалий лойиҳалардан тушган маблағ эса бир нафар профессор-ўқитувчига нисбатан ўртача 935 АҚШ долларини ташкил этди.
Энг яхши натижаларни Тошкент ахборот технологиялари университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Наманган муҳандислик-технология институти, “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” Миллий тадқиқот университети, Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети қайд этган. Мазкур рақамларда яна мувозанат бузилганига гувоҳ бўлиш мумкин. Яъни баъзи олийгоҳлар маблағлар айланмасини ташкил этишда яхши натижага эришган, айримлари эса йўқ.
Ғояларни маҳсулотга айлантириш борасида сўз кетганда юртимиздаги 15 та олий таълим муассасасида мавжуд 39 та илмий лаборатория имкониятларидан унумли фойдаланиш зарурлиги яққол аён бўлади. Айни пайтда олий таълим муассасаларининг илмий фаолият инфратузилмасини такомиллаштириш мақсадида 7 та олий ўқув юртлариаро илмий лаборатория ташкил этиш ва уларни босқичма-босқич жиҳозлаш жараёни кетмоқда.
Бу ишларга Жаҳон банки билан ҳамкорликдаги лойиҳа доирасида 10,3 миллион АҚШ доллари сарфланди. Ҳозир олийгоҳларнинг ўзи ҳам замонавий лабараториялар ташкил этишга ҳаракат қилмоғи зарур. Бугун молиявий мустақиллик берилган 35 та олий таълим муассасасининг 9 тасида илмий лабораториялар фаолияти йўлга қўйилган. Илмий лабораторияларни аккредитацияга тайёрлаш, лаборатория хизматларини кенгайтириш орқали олий таълим муассасалари нафақат сифатли илмий-тадқиқот ўтказиш, шунингдек, қўшимча маблағ топиш имкониятига ҳам эга бўлади. Шу боис, лабораторияларни ташкил этиш ва фаолиятини ривожлантириш мақсадида олий таълим муассасаси ҳар йили маблағ ажратиши керак.
Ихтирога айланган лойиҳалар
Инсон тафаккури ва изланишлари маҳсули бўлмиш интеллектуал мулк самарасини бугун барча жабҳада кўриш мумкин. Бинобарин, ҳозир фойдаланилаётган замонавий технологиялар, умуман, кундалик эҳтиёжимиз шу салоҳият билан чамбарчас боғлиқ.
Илм-фан ва инновацияни ривожлантириш, соҳадаги ютуқларни қийматли маҳсулотга айлантириш муҳим кўрсаткичдир. Дунёда товарларнинг бренд қиймати юқори ҳисобланади. Интеллектуал мулк Европада ялпи ички маҳсулотнинг 45, Хитойда 12, Россияда 7 фоизини ташкил этади. Олийгоҳларнинг интеллектуал мулк объектлари учун олган гувоҳномалари сони ўтган йили 2019 йилга нисбатан 3,8 марта ошган, 1819 та патент (жумладан, 226 та ихтиро, фойдали модель учун патент, 1593 та дастурий маҳсулотлар учун гувоҳнома) олинган.
Олий таълим муассасаларида олинган патент ва гувоҳномалар ҳар 100 нафар профессор-ўқитувчига нисбатан ўртача 8 тадан тўғри келади. Ҳудудларда “фан — таълим — ишлаб чиқариш” интеграциясини таъминлаш мақсадида 23 та олий таълим муассасасида Технологиялар ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш марказлари фаолияти йўлга қўйилгани айни муддао бўлди. Боиси, марказлар профессор-ўқитувчиларга интеллектуал мулк объектларига доир гувоҳномаларни олишда бевосита ёрдам беради.
Истиқболли ғоя — муваффақият омили
Иқтисодий ўсишда илмий лойиҳалар билан бир қаторда стартап лойиҳаларни ривожлантириш катта аҳамиятга эга. Масалан, бу соҳага 2019 йили АҚШда 158 миллиард, Хитойда 110 миллиард, Ҳиндистонда 27 миллиард, Буюк Британияда 23 миллиард ва Исроилда 18 миллиард АҚШ доллари сарфланган.
Ажратилган маблағ ҳисобига биргина АҚШда 7568 та, Буюк Британияда 1570 та, Хитойда 1505 та, Ҳиндистонда 798 та янги стартап лойиҳа амалга оширилган. Шу маънода, Ўзбекистонда стартап лойиҳаларни ривожлантириш ва бу орқали юртимизнинг жаҳон стартап бозоридаги нуфузини ошириш муҳим аҳамиятга эга. Яқин вақтгача талабалар учун ўз ғояларини лойиҳага айлантиришда маслаҳат ва кўрсатма берадиган стартап платформа, ментор ва мураббийлар ёрдамида ишлаш имконияти йўқ эди.
Лекин бугун IT парк ва олий таълим муассасаларининг ўзаро ҳамкорлиги туфайли талабалар инкубация марказларида таълим олиш имкониятига эга. Ўтган йили 14 та олий таълим муассасаcи ҳузурида “Бизнес-акселератор” фаолияти йўлга қўйилиб, Инкубация марказлари ташкил этилди. Ҳозир юртимиздаги 40 та олий таълим муассасасида 47 та “Инкубация маркази” фаолият юритмоқда. Қолган олий таълим муассасаларида “Инкубация марказлари”ни ташкил этиш ишлари давом этмоқда.
Инкубация марказлари талабаларга нима беради?
Инкубация марказлари талабалар учун турли консультация, мусобақа, хакатон ва семинарлар ўтказади. Бошланғич экотизим ҳақида асосий тушунча бериш билан бирга, ёшларнинг ўзини ахборот технологиялари соҳасида тадбиркор сифатида намоён этишига ёрдам беради. Ҳукуматимиз қарори билан ҳар йили Innoweek — халқаро иновацион кўргазмаси ташкил этилади. “Innoweek-2021” кўргазмаси доирасида олий таълим муассасалари 202 та ишланма билан қатнашди.
Жумладан, “Тошкент ирригация ва қиш лоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” Миллий тадқиқот университети — 24 та, Тошкент давлат транспорт университети — 23 та, Тошкент давлат техника университети — 22 та, Наманган муҳандислик-технология институти — 20 та, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти — 17 та, Бухоро муҳандислик-технология институти — 15 та, Тошкент давлат иқтисодиёт университети — 12 та, Тошкент ахборот технологиялари университети Қарши филиали — 9 та, Урганч давлат университети 8 та ишланмани тақдим этди.
Муаммолар учун ечим
Мамлакатимизда илм-фанни, илмий-тадқиқот муассасалари ва инновацион фаолиятни ривожлантириш билан боғлиқ механизмнинг барча босқичи самарали ишлаши учун кенг имконият мавжуд. Галдаги муҳим вазифа улардан унумли фойдаланиб, илмий кашфиётлар қилиш, ўзбек илм-фанини дунё бўйлаб оммалаштиришдан иборат. Бунинг учун бир неча масалага жиддий эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ.
Аввало, илмий-тадқиқот соҳасида олий таълим муассасаларининг халқаро алоқаларини, халқаро илм-фан билан ўзаро интеграциясини кучайтириш зарур. Бу жараёнда докторант ва тадқиқотчиларнинг хорижда малака ошириш кўламини кенгайтириш, нуфузли халқаро журналларда кўпроқ мақолалар чоп эттириш, олий таълим муассасаларига хориждан малакали мутахассисларни кенг жалб этиш муҳим аҳамият касб этади.
Илмий-тадқиқот мавзуларини танлашда ҳар бир ҳудуднинг ўзига хослигини инобатга олиш, илмий ишни тармоқ ва ҳудудлардаги аниқ муаммолар ечимига йўналтириш, тадқиқот натижаларини тижорийлаштиришга эътибор қаратиш олдимиздаги муҳим вазифалардандир. Докторантларнинг бошқа ҳудудлардаги лабораторияларда тадқиқот ўтказиши, турли илмий анжуманларда иштирок этиши (транспорт, турар жой, яшаш) учун олийгоҳларга бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан пул ўтказиш ҳуқуқини бериш ҳам бугун долзарб масала бўлиб қолмоқда.
Шу билан бирга, ёш олимларни турар жой билан таъминлаш тизимини янада яхшилаш лозим. Бунинг учун Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказларида “докторантлар уйлари”ни ташкил қилиш, ёш олимлар учун ижара тўловининг бир қисмини давлат бюджети ҳисобидан қоплаб бериш, докторантларга уй-жой сотиб олиш учун ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ва фоизларнинг бир қисмини қоплашга субсидиялар ажратиш масалаларини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ.
Мутахассислик кафедралари томонидан илмий инновацион фаолият натижасида ишлаб топилган маблағнинг камида ярмини мустақил равишда, жумладан, кафедра аъзоларининг хорижий сафарларини ташкил этиш, уларни моддий рағбатлантириш, стартапларни молиялаштириш, ёш олимларга грантлар ажратиш, лабаратория ва компьютер техникасини харид қилиш учун сарфлаш тизимини жорий қилиш даркор.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсад йўлида олиб борилаётган чора-тадбирларни илм-фанга эътибор ва инновацияларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Айнан таълим, фан ва инновацион фаолиятни ривожлантириш, замонавий билим ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, илмий-тадқиқот муассасаларини модернизация қилиш, замонавий инновацион технологияларни иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳага жадал татбиқ қилиш мамлакатимизнинг етакчи давлатлар қаторидан ўрин олиши, халқаро рақобатбардошликка эришиши, аҳоли фаровонлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.