Португалия футбол федерацияси мамлакат терма жамоаси бош мураббийи Фернанду Сантуш  билан ҳамкорликни тўхтатди. 68 ёшли мутахассис 2014 йилнинг сентябридан буён жамоа билан ишлаб келаётганди.

Сантуш бошчилигида Португалия Евро-2016 ва Миллатлар Лигаси-2019 мусобақаларида ғолиб чиқди. Шу кунларда Қатарда ўтаётган ЖЧ-2022да эса  португаллар 1/4 финалда Марокашга 0:1 ҳисобида ютқазиб қўйди.

Футбол мухлислари ва мутахассислари унинг ўрнини эгаллаши мумкин бўлган номзодларни тахмин қилмоқда. Улар орасида Руй Витория, Жорже Жезуш, Руй Жорже, Паулу Бенту, Карлуш Кейруш, Паулу Соуза ва Жозе Моуриньо бор.

Record нашри хабарига кўра, Фернанду Сантуш ўрнига Жозе Моуриньо асосий номзод ҳисобланади.  ПФФ раҳбарияти бу масалада аллақачон Моуриньо билан алоқага чиққан. Улар Жозенинг “Рома” ва миллий жамоадаги ишини бирга олиб боришига қарши эмас.

Хабарда айтилишича, ПФФ “Рома” раҳбарияти билан келишувга эришса, Моуриньо 2023 йилнинг ёзида Римни тарк этиб, миллий жамоа устозига айланиши мумкин. Унга 2026 йилга қадар шартнома таклиф қилинган.