Давлат ва жамият ҳаётидаги фаол иштироки эса тараққиётни жадаллаштиради. Шу боис, юртимизда аёллар ирқи ва касбидан қатъи назар, аввало, она сифатида қадрланган, эъзозланган.

Ҳазрат Алишер Навоийнинг “Жаннат боғидан баҳрамандлик истар экансан, мунис онани рози айлагин”, деган сўзлари замирида чуқур маъно бор. Боиси ҳаётимизнинг маъно-мазмуни ва бутун борлиғимизни улардан айри ҳолда тасаввур этолмаймиз.

Шу маънода, давлатимиз раҳбарининг 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан сўзлаган нутқи мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, ижтимоий адолат тамойилларини мустаҳкамлаш ҳамда инсон капиталини ривожлантиришга қаратилган дастуриламал бўлди.

Мазкур нутқ замирида “Инсон қадри учун” деган эзгу ғоянинг ҳаётий ифодаси, жамиятимизнинг энг нозик, айни пайтда энг фаол қатлами бўлган аёлларга нисбатан юксак эҳтиром ва мустаҳкам ишонч мужассам.

Президентимиз томонидан илгари сурилган энг муҳим ташаббуслардан бири — энди бирорта қонун хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига таъсири чуқур баҳоланмасдан қабул қилинмаслиги бўлди. Бу эса қонун ижодкорлиги жараёнида гендер экспертизасининг тўлақонли ва самарали механизм сифатида ишлай бошлашини англатади.

Биз кўп йиллар 8 мартни асосан латофат байрами сифатида нишонлаб келдик. Бугунги кунда ушбу сана аёлларнинг жамиятдаги ўрнини эътироф этиш, меҳнатларини улуғлаш ҳамда гендер тенглигини таъминлаш айёми сифатида ҳам қадр топмоқда. Бугун юртимизда аёлларни қўллаб-қувватлаш масаласи бундан ўн йиллар олдин бўлгани каби, фақат маърузаю ҳужжатларда қолиб кетаётгани йўқ. Аксинча, халқимиз ҳаётини тубдан ўзгартираётган, эртанги кунига умид уйғотаётган халқчил ислоҳотларнинг фараҳбахш эпкинини жуда кўплаб опа-сингилларимиз ўз тақдири мисолида ҳис қилиб, сезиб турибди.

Жорий йилда 1,5 миллион нафар аёлни даромадли қилиш, шундан 400 минг нафарини бизнесга жалб этиш учун 25 триллион сўмдан зиёд ресурс йўналтирилаётгани давлатнинг ижтимоий масъулияти ва аёллар тақдирига бўлган юксак эътиборидан далолат беради.

Айниқса, “Даромадли аёл” ва “Ҳамроҳ” дастурлари ижтимоий ҳимоянинг мутлақо янги, фаол модели сифатида аҳамиятлидир. Уларнинг моҳияти аёлларни фақат нафақа ёки моддий ёрдам билан қўллаб-қувватлаш эмас, балки тадбиркорликка жалб этиш, касб-ҳунарга ўқитиш, замонавий кўникмаларни шакллантириш орқали уларнинг иқтисодий мустақиллигини таъминлашдан иборат. Хусусан, 100 минг нафар аёлни IT соҳасига йўналтириш ташаббуси бу борадаги амалий қадамларнинг ёрқин ифодасидир.

Президентимизнинг шу йил 3 мартдаги “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги фармони мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, оила институтини мустаҳкамлаш, аёллар ва болалар ҳуқуқларини ишончли таъминлашга қаратилган муҳим ҳуқуқий ҳужжат бўлди.

Фармон билан аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш тизимини такомиллаштириш орқали уларнинг сони кескин қисқартирилади, бундай ҳолатга учраган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизими жорий этилади. Бу эса уларнинг ҳаёт даражасини янада яхшилаш, сифатли таълим олиши, касб-ҳунар эгаллашига катта туртки беради.

Ҳомиладор талаба-қизларга ёки 3 ёшгача бўлган фарзанд тарбияси билан шуғулланувчи талабаларга олий таълим олиш учун “иккинчи имконият” яратилмоқда. Яъни 2026-2027 ўқув йилидан бошлаб курсдан курсга қолган ёхуд талабалар сафидан чиқарилган шахсларга, истисно тариқасида, фанлар фарқини қайта ўзлаштириш шарти билан таълимни давом эттириш имкони берилади. Энг муҳими, талабалар фанлар фарқини мустақил ўзлаштириши учун қўшимча муддат берилиб, бошқа зарур шарт-шароитлар ташкил этилади.

Муболағасиз айтиш мумкинки, ушбу янгиликлар минглаб хотин-қизларимизнинг дилидаги гап бўлди, уларни фаолликка чорлагани, ҳаракатга келтиргани рост. Бу, ўз навбатида, ҳар бир фуқаро қалбига ёруғлик, эртанги кунга собит ишонч олиб кирди.

Биз, маҳаллаларда фаолият юритаётган хотин-қизлар фаоллари учун ҳам Президентимиз томонидан билдирилган фикр ва ташаббуслар катта масъулият юклайди. Маҳалламизда хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, оилаларда соғлом маънавий муҳитни шакллантириш, ёшларни миллий қадриятлар руҳида тарбиялаш борасида тизимли ишларни амалга оширишни ўз олдимизга устувор вазифа қилиб қўйганмиз.

Шунингдек, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаб, ечим топиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш борасида ҳам маҳалла даражасида самарали ишлар олиб боришга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Чунки тараққий топаётган юрт хизматида муносиб бўлишга интилиш айни дамда ҳар бир ўзбекнинг яшашдаги моҳиятини белгилаб бермоқда.

Зеро, муносиблик — мамлакатимиз, элимиз ривожига камарбасталик демак.

Нурхон Жуманова,
Кармана тумани “Кумушкон” МФЙ хотин-қизлар фаоли