Жорий йил 1 май куни Сирдарё вилоятининг Сардоба сув омборида юз берган техноген ҳодиса оқибатида Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманларида 4 минг 710 хонадон зарар кўрди.

Қисқа муддатда тошқиндан зарар кўрган 1 минг 850 уй қайта таъмирланиб, замонавий кўринишда ўз эгаларига топширилди. Уйи яроқсиз ҳолга келган фуқаролар учун жами 52,5 гектар ер майдони танланиб, кўп қаватли 2 минг 640 хонадонли жами 86 та замонавий турар жой қуриб битказилди. Бугун мазкур уйлар калитини қўлига олган одамлар кўзида қувонч, эртанги кунга ишонч ва ғурурни кўриб чекилган заҳматлар бесамар кетмаганига амин бўласиз.

Сир эмаски, сув тошқини юз берган кунларда сирдарёликларни чуқур қайғу босди. Нафақат улар, халқимиз қайғурди. Энди нима бўлади, деган савол барча ўзбекистонликларни ташвишга солгани ҳам рост.

Ҳар ишда бир ҳикмат бор, деган нақл бор доно халқимизда. Бир неча йиллардан буён эътибордан четда бўлиб келган туманлар бугун шаҳар тусига кирди. Бу ерда нафақат замонавий уйлар, балки қатор таълим масканлари, ишлаб чиқариш корхоналари бунёд этилди. Тошқиндан олдин инфратузилмаси анча эскирган, газ, электр таъминоти хароб ҳолга келган, ичимлик сув муаммо бўлган қишлоқлар, уларга туташ ҳудудлар обод гўшага айланди. Бир сўз билан айтганда, сув омбори тошқинидан зарар кўрган ҳудудлар буткул янги қиёфа касб этди.

Зарар кўрган ҳудудларни қисқа муддатда таъмирлаб, аҳолига қулай шароит яратиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан юзлаб техника, пудратчи корхоналар, минглаб ишчилар жалб қилинди. Сирдарёликлар ҳам улар билан елкадош бўлди. Мақсад аниқ эди – талафот оқибатларини бартараф этиш, жабрдийда аҳолига аввалгидан ҳам яхши шароит яратиш.

Кўнгилли қурувчилар 2000 га яқин уйни тубдан таъмирлади. Мирзаобод туманида намунавий лойиҳа асосида қурилган “Навбаҳор” маҳалласида 100 та, “Янги Ўзбекистон” маҳалласида 6 та, Сардоба тумани “Юртдош” маҳалласида 48 та ва яна 6 та хизмат уйи деярли қайта қурилди.

– Ўша куннинг ўзидаёқ Президентимиз ҳодиса жойига етиб келди, тошқиндан жабрланган, кўнгли чўкиб қолган аҳоли дардига шерик бўлди, – дейди Мирзаобод туманидаги “Янги Ўзбекистон” МФЙ раиси Бахтиёр Холқўзиев. – “Сабр қилиб, оғирликни елкамизга олиб, чидашимиз керак. Биронта хонадон, биронта одам эътиборсиз қолмайди”, деган эди Президентимиз ўшанда. Яратганга шукр, шундай бўлди. Президентимиз вазиятни шахсан ўзи назоратга олгани бутун халқимизни оёққа турғизди, барча ёрдамга ошиқди. Давлатимиз раҳбари талафот кўрган ҳудудларга бир неча бор ташриф буюрган бўлса-да, биз у кишининг ҳар доим ёнимизда, биз билан бирга эканини ҳис қилиб турдик. Орадан кўп ўтмади. Маҳалламиз буткул янги қиёфа касб этди. Уни “Янги Ўзбекистон” дея номладик. Ҳудуддаги ташландиқ жойда беш қаватли, жами 800 хонадондан иборат 40 та уй қад ростлади. Улардаги хонадонларга сув тошқини оқибатида уйлари зарар кўрган Мирзаобод ва Оқолтин туманларидаги 11 маҳалладан айни пайтгача 520 оила кўчиб келди. Жараён давом этмоқда. Мен бу уйларнинг инфратузилмаси ҳақида гапирмайман. Бир нарсани таъкидлашни истайман. Уйлар ҳақиқий ўзбекона қурилгани билан аҳамиятлидир. Шу билан бирга, ушбу кўп қаватли уйларнинг ҳар қавати ҳамда ертўласида аҳолининг зарур ускуналарини сақлаши учун махсус хоналар ташкил этилган.

– Бу йил оиламиз учун қўшалоқ байрам бўлди. Қизим олий ўқув юртига ўқишга кирди, – дейди “Янги Ўзбекистон” маҳалласида истиқомат қилувчи Сафар Бекбўтаев. – Тўрт фарзандим бор. Бугун уларнинг юзидаги қувончни кўриб, яйрайман. Давлатимизга минг раҳмат, дейман. Оғир кунларда бизни ташлаб қўймади.  Президентимизнинг эътибори ва ғамхўрлиги натижасида ўтган давр мобайнида 40 миллион сўм моддий ёрдам берилди. Қисқа вақт ичида 3 хонали замонавий уйли бўлдик. Янги маиший техника воситалари совға қилишди. Ўзим иқтисодчиман. Турмуш ўртоғим уй бекаси эди. Қишлоқдаги далада меҳнат қиларди. Тўғриси, ўша пайтлари аёлимга раҳмим келарди. Оғир меҳнат, яна рўзғор, бола-чақа ташвиши. На газ бор, на сув. Бу ерга келганимиздан кейин уй-жой коммунал сервис хизматига ишга кирди. Белгиланган вақтда ишга бориб келиб, болалар тарбияси билан шуғулланяпти. Бир сўз билан айтганда, “Янги Ўзбекистон”да ҳаётимизни янгидан бошладик.

Маҳаллада барча зарур шароитлар яратилган. Маҳалла гузарида новвойхона, сартарошхона, кутубхона фаолият кўрсатмоқда. Янги боғча ҳам болажонларни қабул қилишга шай. Шунингдек, бу ерда 6 та болалар майдончаси ва  йўл қоидаси ўқув майдончаси каби маданий ҳордиқ объектлари ҳам аҳоли хизматида.

Муҳим масалалардан яна бири – аҳоли бандлигини таъминлаш. Хотин-қизларни ишли қилиш мақсадида тикувчилик цехи очилди. Яқин кунларда бу ерда Сирдарёнинг дунёга машҳур қовун маҳсулотларини экспорт қилиш учун қовунни қайта ишлаш цехи қурилиб фойдаланишга топширилади.

Сардоба тумани “Дўстлик” маҳалласи ҳудудида туманнинг “Қўрғонтепа”, “Юртдош” ва “Дўстлик” маҳаллаларида яшаган, уйлари яроқсиз ҳолга келган хонадон эгалари учун 1 минг 480 хонадонли 37 та кўп қаватли уй-жой қурилди. Бугун мазкур ҳудудлардан аҳоли кўп қаватли уйларга кўчиб кирмоқда. Бундан ташқари, янги уй-жойлар массивида 1 та мактабгача таълим ва 660 ўринли 1 та умумтаълим мактаби биноси қурилиши якунига етказилмоқда.

– Сардобаликлар янги ҳаёт бошлади. Бугун туман қиёфаси ҳам тубдан ўзгарган. Қурилиш, ободонлик ишлари авжида, – дейди “Дўстлик“ МФЙ раиси Алишер Кинбоев. – Шу каби фаровонлик руҳига ҳамоҳанг аҳолининг ҳам кайфияти кўтаринки. Дарҳақиқат, талафот кўрган ҳудудларнинг тошқиндан олдинги кўринишини, инфратузилмасини билган, кўрган киши ҳозир қилинаётган бунёдкорлик ишларини, олиб борилаётган ислоҳотларни кўриб, халқимизнинг ҳамжиҳатлигига, бағрикенглигига тан беради. Бу манзараю ўзгаришларни ҳис этган ҳар бир инсонда эртанги кунга бўлган ишонч ортиб бораверади.

“Дўстлик” маҳалласидаги “Сардоба Оқсарой текстиль” фабрикаси роппа-роса 120 кун деганда қуриб битказилди. Бу ерда 550 кишининг иш билан таъминланиши кўзда тутилган. Ҳозир 220 нафар хотин-қиз қисқа муддатли ўқув курсини битириб, меҳнат фаолиятини бошлади.

– Корхонамизда тайёр мато ва кийимлар ишлаб чиқарамиз, маҳсулотларимиз, асосан, экспортга мўлжалланган, – дейди “Сардоба Оқсарой текстиль” корхонаси ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи Асқар Ҳайдаров. – Айни пайтда корхонамизда катталар учун қишки кийим-кечаклар ишлаб чиқариляпти. Бу ерда, асосан, янги уйларга кўчиб ўтган хотин-қизлар меҳнат қилмоқда. Уларнинг юз-кўзида келажакка ишонч учқуни порлаб турганини кўриб, бизнинг ҳам ғайратимиз жўшади. Шу азиз опа-сингилларимиз ҳаётини янада яхшилаш йўлида қўлимиздан келган барча ишларни амалга оширамиз. Президентимиз корхонамизга ташрифи чоғида бизга маррани кенгроқ олиш бўйича аниқ кўрсатмалар берган эди. Келгусида маҳсулотларимиз тури ва ҳажмини ошириш, экспорт географиясини кенгайтиришни мақсад қилганмиз. Демак, иш ўринларимиз сони ҳам кўпайиб боради. Бунинг учун имкониятларимиз етарли.

– Тўрт фарзандим бор. Биз ҳам тошқиндан зарар кўрдик. Бошпанасиз қолдик, – дейди тикувчи Умида Қаршибоева. – Мана, бугун янги кўп қаватли уйдан 3 хонали хонадон берилди. Шу пайтгача иссиқ сув, газ нималигини билмасдан, кунимиз далада ер чопиш билан ўтган эди. Ҳатто ичимлик сувни ҳам ташиб ичар эдик. Давлатимизга раҳмат, бугун барчаси бадастир. Уйимиз иссиқ. Болаларимиз олдимиздаги таълим масканига боради. Ўзим тикувчилик цехида ишлаяпман. Тушликда иссиқ овқат берилади. Замонавий дастгоҳларда ишлаш учун корхона ўқув марказида мутахассислардан иш ўргандик. Ойликларимиз ишимизга қараб ошириб борилмоқда. Одамнинг уйда тинчи бўлса, ишида ҳам унум бўлар экан. Иш унча оғир эмас. Болаларимга ҳам вақт ажратяпман.

Мирзаобод туманинг “Нурли келажак” маҳалласида ҳам 360 хонадондан иборат тўққизта кўп қаватли уйга бугун 240 та оила кўчиб кирди.

– Талафотдан “Навбаҳор” маҳалласи ҳам зарар кўрган эди. Ўтган даврда бу ерда жуда катта қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Водий вилоятлари кўмаги билан бунёд этилган янги маҳалламизни “Нурли келажак” дея атадик, – дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ўктам Кенжаев. – Бу ерда уч ярим минг нафардан ортиқ аҳоли, 668 хонадон мавжуд эди. Айни пайтгача 11 та икки қаватли ва 396 та ҳовли уй тўлиқ таъмирланиб, эгаларига топширилди. Шунингдек, иккита умумтаълим мактаби, битта мактабгача таълим муассасаси тўлиқ таъмирланди. Маҳалланинг янги биноси қад ростлади. Янги масжид биноси қурилиши эса давом этмоқда.

Қувонарлиси, бу ерда янги, зомонавий бинолар қад ростлаши билан бирга, янги иш ўринлари яратишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан,  “Нурли келажак” МФЙ ҳудудида “Бек кластер” МЧЖ томонидан 20 гектар майдонда иссиқхоналар қурилди. Ҳар бири 25 сотихдан иборат иссиқхоналарда лимон ва қулупнай етиштирилмоқда. Уларда янги уйларга кўчиб ўтганлардан 200 нафардан ортиғининг бандлиги таъминланди.

– Бу ерда цитрус, субтропик ва тропик ўсимликлар илмий-амалий маркази фаолияти ҳам йўлга қўйилган, – дейди “Бек кластер” МЧЖ масъул ходими Тўлқин Норқулов. – Мазкур марказнинг асосий вазифаси иссиқхоналарда ишлаш хоҳишини билдирган фуқароларни соҳага тайёрлашдан иборат. Айни пайтгача мутахассислар 100 дан ортиқ ишчига соҳа сир-асрорларини ўргатди. Яна бир муҳим жиҳат, “Алоқабанк” кредити ҳисобига амалга оширилган ушбу лойиҳа кредит қарзлари узилгач, шу ерда ишлаётган фуқароларнинг ўзларига қолади.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, янги қурилган кўп қаватли уй-жойларнинг ўз эгаларига топширилиши, ҳеч ким эътибордан четда қолмаслиги, одамларни рози қилиш, адолат, шаффофликни таъминлаш жуда муҳим масала. Шунинг учун ҳам мазкур уй-жойларни адолат тамойиллари асосида тарқатиш Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Адлия вазирлиги ва жамоатчилик вакилларидан иборат ишчи гуруҳ назоратида бўлиб турибди.

– Уй-жойлар тақсимотида адолат, шаффофлик жуда муҳим. Шунинг учун ҳам уйлар қуръа ташлаш йўли билан тақсимланяпти. Бундан ташқари, кўп қаватли уйларни тақсимлашда барча жиҳатлар эътиборга олинган. Масалан, ногиронлиги бор шахслар ва қариялар биринчи қаватга жойлаштирилмоқда, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шерзод Қулматов. – Бугунги кунга қадар ишчи гуруҳ томонидан 2 минг 932 оиланинг уй-жой олиш масаласида қилган мурожаати қабул қилинган бўлиб, улар қарийб бир ой давомида ўрганиб чиқилди. Маҳалла фаоллари, қўни-қўшниларнинг фикр-мулоҳазалари инобатга олинган ҳолда қуръа ташлаш йўли билан Мирзаобод, Сардоба ва Оқолтин туманларида жами бир минг 842 хонадон топширилди. Бугунги кунгача 1 минг 753 оила янги уйга кўчиб кирди. Бундан ташқари, айни пайтда 53 та муаммоли ҳужжатимиз бор. Яъни бу ҳужжатларда камчиликлар бор. Шунинг учун ҳам ҳар бири жиддий ўрганилиб, кейин халқ депутлари туман кенгаши сессиясига киритилмоқда.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, тошқиндан зарар кўрган аҳолига барча шароитлар яратиш борасидаги ишлар бир зум ҳам тўхтагани йўқ. Мутасаддиларнинг ишонтиришича, ҳеч ким эътибордан четда қолмайди. Бунинг учун маблағ ҳам, имкониятлар ҳам етарли.