Сардоба фожиаси юз берган маҳаллари сардобаликлар кўнглига қил сиғмас эди. Бугун эса одамлар кайфияти бошқача. Тумангга кираверишда қайта экилган пахта майдонлари ҳам бундан 3 ой олдин аянчли ва тасаввурга сиғмас ҳолатда эди. Бугун бу ерлар яна меҳнаткаш халқимиз қўллари билан қайтадан бунёд бўлди. Шу кунга қадар жами 72710 нафар (81,3 фоиз) аҳоли ўз хонадонларида қайтди. Қолган 16740 нафар аҳоли кўчирилган ҳудудларда яшаяпти.
Ҳозирда буюк аллома Муҳаммад Ал-Хоразмий номи билан янгитдан бунёд бўлган Қўрғонтепа маҳалласида қурилиш ишлари якунланмоқда. Бу ерларда янги ҳаёт, янги умид ва янги орзулар бўй чўза бошлади.
— Маҳалламиздаги мавжуд 350 та хонадон Хоразм ва Навоий вилояти жонкуяри томонидан таъмирлаб берилди, — дейди Қўрғонтепа маҳалла раиси. — Уларга миннатдорчилик билдирган ҳолда ўз маҳалламиз номини Муҳаммад Ал-Хоразмий номи билан атадик. Кўчаларимизнинг бирига Навоий номини бердик. Одамларимиз миннатдор.
— 2 ҳафта бўлди ўз уйимизга қайтдик, — дейди маҳалланинг Навоий кўчасида яшовчи Ҳамидулла Умаров. — Шароитлар жуда яхши, оилам соғ омон, давлатимиз биз билан, бу кунларни енгиб ўтмоқдамиз. 4 нафар фарзандим бор. Ўз уйимизга қайтгунга қадар қариндошимизнинг уйида яшадик. Ўзим ҳар куни қурувчиларга қўшилиб ишлардим, энг ҳайратланарлиси ўз уйимни таъмирлашга берган ёрдамим учун менга ойига 2 миллион сўмдан иш ҳақи тўлаб турилди.
Ҳақиқатдан ҳам маҳаллани кезар эканмиз, улкан ишлар қисқа вақт ичида қилинганининг гувоҳи бўлдик.
— Ўз уйимизга қайтиш, янгидан туғилишдек бўлди, — дейди Навоий кўчасининг яна бир фуқароси Холбуви Холматова. — Оилада 6 кишимиз, давлатимиз томонидан берилган 40 миллион сўмлик сертификат ва маиший техникалар жамланмасини тўлиқ олдик. Йўқотишлар кўп бўлди, аммо топганларимиз ҳам, бизга давлатимиз томонидан берилгани ҳам бундан кам бўлаётгани йўқ. Юртбошимизга, барча халқимизга раҳмат айтаман.
Гулчирой ИСОҚОВА