Институт директори Ф.Отахонов 2021 йилда амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди. Хусусан, ҳисобот даврида институт томонидан Олий Мажлис палаталарига амалдаги қонунлар ва қонун лойиҳалари юзасидан 32 та илмий хулоса, 7 та Олий Мажлис палаталарининг қарори лойиҳаси юзасидан таклифлар, 156 та ахборот-таҳлилий маълумот, 12 та чора-тадбирлар дастури лойиҳалари юзасидан асослантирилган таклифлар тақдим этилгани, институт тузилмасида ташкил этилган БМТ ўқув маркази томонидан “Қонун ижодкорлиги”, “Парламент назорати” ва “Маҳаллий вакиллик ҳокимияти” мавзуларида юздан зиёд ёшлар иштирокида ўқув машғулотлари ташкил этилгани, Тошкент, Жиззах, Қашқадарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида қонун лойиҳалари ва амалдаги қонунлар бўйича жамоатчилик орасида ижтимоий сўровлар ўтказилиб, жамоатчиликнинг фикр ва таклифлари ўрганилганини таъкидлади.

Шунингдек, институт томонидан “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурининг 13 та бандини таъминлаш бўйича Олий Мажлис палаталарига яқиндан ахборот-таҳлилий хизмат кўрсатилгани қайд этилди. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари котибиятлари фаолияти самарадорлигини ошириш (2-банд); маҳаллий ижро ва вакиллик органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш (6-банд); хотин-қизлар жамоатчилик кенгашларининг мувофиқлаштирилган тизимини ташкил этиш (9-банд); маҳалла институти фаолиятини такомиллаштириш (12-банд); қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш (23-банд) кабилар шулар жумласидандир.

Ҳисобот даврида институт томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг халқаро майдонда билдирган ташаббусларини амалга ошириш бўйича мутасадди идоралар фаолиятига кўмаклашиш йўналишида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди. Хусусан, Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти конвенцияси лойиҳаси, “Маърифат ва диний бағрикенглик” махсус резолюцияси лойиҳаси, Инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлар ролини ошириш тўғрисидаги халқаро резолюция лойиҳаси, Пандемия даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги БМТ халқаро кодекси ва унинг концепцияси лойиҳалари юзасидан таклифлар ишлаб чиқилди.

2021 йилда институт таҳририй фаолият йўналишида ҳам катта натижаларга эришди. Жумладан, институт муассислигидаги “Қонунчилик муаммолари ахборотномаси” илмий-амалий журналининг 4 та сони нашр этилди. Конрад Аденауэр номидаги фонднинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда “Парламент фаолиятини илмий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлашнинг долзарб масалалари”, “Ёшлар ва сайлов: электорал маданиятни оширишнинг долзарб масалалари” мавзуларидаги халқаро конференция материаллари тўпламлари тайёрланиб, чоп этилди. Шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 76-сессиясидаги тарихий нутқи ва унга билдирилган муносабатлар тўплами”, “Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси халқимиз сиёсий – ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунаси” ва “Ҳаракатлар стратегияси – Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам замини” номли 3 та электрон тўплам тайёрланди.

Таъкидлаш керакки, институт жамоаси 2021 йилда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловларини ташкил этиш жараёнларида фаоллик кўрсатди. Хусусан, 2021 йилнинг март-май ойларида ташкил этилган маҳаллий кенгашлар депутатлари, сиёсий партия фаоллари ва ОАВ вакиллари сиёсий ўқувларида, май-июнь ойларида сайлов участкалари кузатувчилари учун ташкил этилган ўқувларда, август-октябрь ойларида ташкил этилган “Ёш сайловчи” тарғибот лойиҳаси доирасидаги ўқув семинарларида ташкилотчи, республика тренерлари ва маърузачилар сифатида иштирок этди.

Анжуманда 2021 йил халқаро ҳамкорлик йўналишида институт учун кўплаб ютуқларга бой йил бўлгани таъкидланди. Хусусан, институт томонидан 17 та халқаро конференция, илмий-амалий семинар, давра суҳбатлари ва учрашувлар ташкил этилган; 2021 йил 3 июнь куни институт ҳамда Қозоғистон Республикаси Президенти девони Моддий-техника таъминоти бўлимининг “Парламентаризм институти” билан ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланган; 2021 йил 9 июнь куни Исроил давлати Кнессети Тадқиқот ва ахборот маркази билан ўзаро алоқалар ўрнатилган.

Институт Жаҳон мамлакатлари демократияси индексида Ўзбекистоннинг ўрнини ошириш ва мустаҳкамлаш бўйича тадқиқотларни амалга оширишга масъул этиб белгиланган. Мазкур индексда сўнгги йилларда сезиларли ўсишга эришилди. Жумладан, 25 та мамлакатнинг ижобий тажрибаси ўрганилиб, The Economist Intelligence Unit тадқиқот марказининг “Жаҳон мамлакатлари демократияси индекси” бўйича ишлаб чиқилган намунавий йўриқномаси асосида тизимли ишлар амалга оширилди.

Институт “Mening fikrim” веб-порталининг модератори ҳисобланади. 2021 йилда “Mening fikrim” веб-порталига фуқаролар томонидан 888 та электрон жамоавий мурожаат келиб тушган бўлиб, улардан таълим, қурилиш, тадбиркорлик, туризм, cоғлиқни сақлаш, коммунал хўжалик каби соҳаларга оид 14 та электрон жамоавий мурожаат веб-порталга жойлаштирилди. Фуқаролар томонидан 1 минг 400 дан зиёд изоҳлар қолдирилди. Веб-порталда оммавий овоз йиғиш учун жойлаштирилган мурожаатлардан 2 таси етарли овоз тўплади ва улар бўйича ваколатли давлат органларининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Ҳисобот даврида институт ходимлари 146 та давра суҳбати ва илмий семинарларда ўз маърузалари билан иштирок этди, марказий босма, электрон ва халқаро нашрларда қонунчиликдаги дозарб масалалар ва амалдаги ислоҳотлар мазмун-моҳиятини тушунтиришга қаратилган 227 та илмий ва илмий-оммабоп мақолалари эълон қилинди.

Анжуман давомида институтнинг кенг кўламли фаолияти юзасидан муносабатлар билдирилди, журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.