Навоий вилоятидаги “Сармишсой” оромгоҳида “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти тасарруфидаги корхоналарда фаолият юритаётган ёшлар ўртасида ёшлар форуми ўтказилмоқда.

30 июнь — Ёшлар кунини муносиб кутиб олиш мақсадида электр энергетикаси ва тоғ-кон саноати корхоналарида фаолият юритаётган уч юз нафардан ортиқ ёшнинг ғоя ва ташаббуслари қўллаб-қувватланиб, Қозоғистон, Россия Федерацияси ва Япония ёшлари билан мулоқот майдони яратилди.

Фестивалнинг “Сармишсой” дарасида ўтказилишининг ўзига хос сабаби бор. Дарадаги қоятошларга муҳрланган суратлар дунё олимлари ва сайёҳларини ўзига жалб этиб келмоқда. Ёшлар форуми иштирокчилари Сармишсойда ушбу ҳудуд тарихи билан танишдилар. Бу эса юртимизда ички туризмни ривожлантириш ва ҳудуднинг туристик салоҳиятини намоён этишда катта аҳамият касб этади.

Фестиваль қатнашчиларига “Навоий кон-металургия комбинати тарихи” музейида корхонанинг босиб ўтган шонли йўли, ютуқлари, бугунги кунда олиб борилаётган истиқболли лойиҳалар ҳақида кенг маълумотлар берилди.

“Сармиш” оромгоҳи амфитеатрида “Биргаликда биз бир кучмиз!” халқаро ёшлар фестивалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Фестиваль доирасида семинар-тренинглар, спорт мусобақалари, “Заковат” интеллектуал ўйини, “Қувноқлар ва зукколар” кўрик-танлови ўтказилди. “Чашма” мажмуасига зиёрат уюштирилди.

Фестиваль иштирокчилари “Навоий ИЭС” АЖга ташрифи чоғида станция тасарруфидаги замонавий буғ-газ қурилмаларининг ишлаш жараёни, инвестиция дастурлари ижроси билан танишди.

Жаҳонгир НОСИРОВ