Хусусан, Саудия Арабистонининг «ACWA Power», «Al Rajhi», «Dr. Sulaiman Al-Habib», «Saudi German Hospitals», «Saudi National Bank», «Maaden», «Dar Al Arkan» и «Al Hokair» компаниялари раҳбариятлари билан музокаралар ўтказилди.
Мева-сабзавотчилик ва чорвачилик, фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш, тўқимачилик саноати ва қурилиш соҳаларида янги лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари ҳар томонлама ва конструктив тарзда кўриб чиқилди.
Соғлиқни сақлаш соҳасига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, ташхис қўйиш, ўқув ва илмий-тадқиқот бўлимларини бирлаштирган кўп тармоқли тиббиёт муассасалари ва тиббий кластерларни ташкил этиш, шунингдек тиббий хизматларни рақамлаштириш соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида дастлабки келишувларга эришилди.
Ўзбекистон тижорат банкларини хусусийлаштиришда Саудия Арабистони банклари вакилларининг иштирок этиши орқали улар билан ҳамкорлик қилиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида йўловчи ва юк авиаташувлари ҳажмини ошириш чора-тадбирлари кўриб чиқилди.
Томонлар яқин келажакда қатъий келишувларга эришиш ва тегишли битимларни имзолаш мақсадида раҳбар ва экспертлар даражасида яқин ҳамкорлик ва музокараларни давом эттирадилар, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.