Доктор Сауд Ал-Сарҳан жорий йил январь ойида Ўзбекистонга сафари тафсилотлари билан ўртоқлашди. Унинг айтишича, ушбу ташриф жуда самарали амалга оширилди ва Ўзбекистон билан ҳамкорликнинг қатор аниқ йўналишлари белгилаб олинди. Жумладан, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази билан англашув Меморандуми имзоланди ва унинг доирасида қўлёзмаларни ўрганиш бўйича амалий таклифлар ишлаб чиқилди.
Мулоқотда Саудия томонидан Ислом цивилизацияси марказига моддий-техникавий ёрдам масаласи муҳокама қилинди.
Ўзбекистондаги қўлёзмаларни стерилизация қилиш, қайта тиклаш, микроблардан сақлашда ишлатиладиган махсус «Wei T’o» жиҳозини Ислом цивилизацияси марказига тақдим этиш учун буюртма берилгани таъкидланди. Мазкур ускуна Ислом цивилизацияси марказидаги мавжуд 2 мингдан зиёд қўлёзманинг емирилишини олдини олиш ва аслини йўқотмаган ҳолда сақлашда энг яхши восита эканлиги таъкидланди.
«Wei T’o» ускунаси тайёр бўлгач, Файсал маркази томонидан чоп этилган китоблар мажмуаси билан биргаликда Ўзбекистонга етказилиши маълум қилинди.
Ўз навбатида элчихона вакиллари республикамиздаги қўлёзмаларни ўрганиш ва уларни рақамлаштириш бўйича Саудия тажрибасини ўзлаштириш мақсадида ўзбекистонлик мутахассисларнинг подшоҳликка сафарини ташкил этиш таклифини билдирди.
Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги шарқшунослик институти ва мамлакатимиздаги бошқа илмий-тадқиқот марказлари билан ҳамкорликни фаоллаштириш хусусида ҳам фикр алмашилди.
Учрашув сўнггида Подшоҳ Файсал номидаги тадқиқотлар ва исломшунослик марказида сақланаётган буюк аждодларимиз Амир Темур, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобурга тааллуқли қўлёзма асарлар ва китоблардан нусха олиш бўйича келишувга эришилди.