Учрашувда Подшоҳликдаги 6 та йирик инвестиция компанияси раҳбарларини (K-dot Partners, Maharah HRC Co., Classera, Ejzal, Royal Comission for Jubail & Yanbu, Food Purity Foundation) жорий йил 13-15 июнь кунлари Тошкентга сафарини уюштириш масаласи муҳокама этилди.

Суҳбат аввалида Файсал ал-Довуд Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари жадаллашиб, ўзаро ташриф алмашувлари тобора ортиб бораётганидан мамнуният билдирар экан, буларга мисол тариқасида Саудия Арабистони инвестиция вазири Холид ал-Фалиҳнинг икки маротаба Ўзбекистонга ташрифи ҳамда Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов бошчилигидаги делегациянинг Саудия Арабистони Подшоҳлигига ташрифи юқори даражада ва самарали ўтганини алоҳида таъкидлади.

Сўнгги йилларда Саудия ҳукуматининг Ўзбекистон билан барча соҳаларда ўзаро муносабатларни жадаллаштириш ҳамда уни юқори босқичга олиб чиқишга қаратилаётган эътибори мамнуният билан қайд этилди. Бунинг амалий натижаси сифатида ҳозирги кунда Саудия Арабистонининг кўплаб инвестиция компаниялари ва ширкатлари ўзбек томони билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга, инвестиция, импорт ва экспорт ҳажмларини кенгайтиришга ҳамда сармоявий лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга бўлган қизиқишлари ортиб бораётгани алоҳида қайд этилди.

Шунингдек, суҳбатдош компания вакилларининг Ўзбекистонга амалий сафаридан кўзланган мақсад икки давлат ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантириш ва лойиҳаларни ўзбекистонлик мутахассислар билан муҳокама қилиш асносида сармоя киритиш билан изоҳланишини маълум қилди. Ушбу компаниялар соғлиқни сақлаш, логистика, қишлоқ хўжалиги, туризм, тўқимачилик, қурилиш, таълим, инновация ва энергетика йўналишларида ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини билдириб, бу борада компания вакилларининг етарли тажрибага эга эканлиги билдирилди.

Учрашув доирасида дипломатик ваколатхона раҳбари томонидан Ўзбекистоннинг инвестицион ва экспорт салоҳиятига бағишланган тақдимот ўтказилди. Хусусан, сўнгги йилларда Ўзбекистонда хорижий инвестор ва ишбилармонлар учун яратилаётган кенг имкониятлар ва шарт-шароитлар ҳақида батафсил маълумот берилди, «Investor Guide» хабарномаси ва инвестицион лойиҳалар тўплами тақдим этилди.

Саудия Арабистони делегациясининг Ўзбекистонга бўлажак сафари доирасида республикамизнинг бир қатор вазирлик ва идоралари ҳамда маҳаллий хусусий компанияларда билан учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган, деб хабар беради «Дунё».