Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра:

 Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан савдо, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектларига давлат тилида ном бериш (нейминг) хизмати кўрсатилади.

Марказ ва унинг ҳудудий бўлинмаларига объектларга давлат тилида ном бериш хизматини кўрсатишга оид қуйидаги қўшимча вазифалар юклансин:

– давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқ келадиган, миллий қадриятларга мос ҳамда объектларга қўйиш тавсия этиладиган номлар захирасини онлайн режимида шакллантириш ҳамда уни доимий янгилаб бориш;

– ташқи ёзув, пешлавҳа, реклама ва эълонлар матнини тайёрлаш, шунингдек, уларнинг давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқлиги, номларнинг бир хил ёки ўхшашлик даражаси юзасидан лингвистик экспертиза ўтказиш;

– номлаш, ном яратиш фаолияти билан шуғулланаётган тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорлик қилиш, уларга маслаҳат ёрдамлари кўрсатиш;

– жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига кўра объектлар учун давлат тили қоида ва меъёрларига, қонунчилик ҳужжатларига ва миллий қадриятларга мос бўлган давлат тилида номлар яратиш ва танлаш бўйича шартнома асосида хизматлар кўрсатиш.

Объектларга ном бериш “Давлат тили ҳақида”, “Фирма номлари тўғрисида” ва “Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари талабларига риоя этилган ҳолда амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:

– бир ой муддатда Марказга ушбу қарорда назарда тутилган қўшимча вазифалар юкланганлигини ҳисобга олган ҳолда унинг уставини янги таҳрирда тасдиқлайди ҳамда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан қайта ўтказилишини таъминлайди;

– икки ой муддатда Марказни давлат тилида номлашнинг лингвистик меъёрлари ва методикасини ишлаб чиқиш ҳамда номлаш, ном яратиш бўйича методик қўлланма ва адабиётлар билан таъминлаш чораларини кўради;

– олти ой муддатда Давлат хизматлари агентлиги билан биргаликда тадбиркорлик субъектлари учун давлат тилида номлашнинг лингвистик меъёрлари ва методикаси асосида яратилган номлар захирасининг электрон дастурий таъминотини ишлаб чиқиш ва уни Давлат хизматлари агентлигининг Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизимига интеграция қилиш чораларини кўради.