Кўплаб тадбиркорлардан келиб тушаётган мурожатлар асосида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси қуйидагиларни маълум қилади, дейилади хабарда:

Маълумки, ҳозирги кунда фермер хўжаликлари томонидан териб олинган пахталар кластерларга юклаб жўнатилган. Солиқ кодексининг 22-моддасида товарларни (хизматларни) реализация қилишда харидорга ҳисобварақ-фактураларни бериши солиқ тўловчиларнинг мажбурияти эканлиги белгилаб қўйилган.

Солиқ кодексининг 223-моддасида яширилган (камайтириб кўрсатилган) солиқ базаси суммасининг йигирма фоизи миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши ва солиқларни ҳисоблаш (ҚҚС 12%, фойда солиғи 15%) амалга оширилиши белгилаб қўйилган.

Солиқ базасини яшириш (камайтириб кўрсатиш) деб қуйидагилар эътироф қилинади:

🔵 фермер хўжаликлари учун – ҳисобда реализация қилинмаган деб кўрсатилган товарларнинг омборда ёки реализация қилиш жойида мавжуд эмаслиги;

🔵 кластерлар учун – расмийлаштирилмаган (кирим қилинмаган) товарларни сақлаш, улардан фойдаланиш ва реализация қилиш.

Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ушбу ҳолатнинг олдини олиш бўйича фермерлар ва кластерлар вакилларидан ўз вақтида ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштиришни сўраяпти.