Мисол учун, Сурхондарё вилояти “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳузурида ташкил этилган мазкур жамғарма маблағлари ҳомийлик ва хайрия маблағлари, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан шакллантирилиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож жисмоний шахсларга пул маблағлари, кундалик истеъмол товарлари, дори воситалари ва бошқа маҳсулотлар тарзида манзилли етказиб берилмоқда.
— Халқимиз оғир, мураккаб синов даврида ҳамиша ўзаро бирлашган, бир-бирига ёрдам кўрсатган, — дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Сурхондарё вилояти бўлими раҳбари Холмамат Самадов. — Эътиборли жиҳати шундаки, туман ва шаҳарларда ҳар бир сектор раҳбари томонидан маҳаллалар билан биргаликда ҳар бир оила ва фуқароларнинг моддий аҳволини ўрганган ҳолда, ҳафталик ёрдам кўрсатиладиган эҳтиёжманд оилалар рўйхати шакллантирилаётир.
Маълумотларга кўра, ўтган йили жамғарма маблағлари ҳисобидан 3 минга яқин фуқарога моддий-маънавий ёрдам кўрсатилган. Ҳозирда секторлар раҳбарлари томонидан жойларда ўтказилган сайёр қабулларда, шунингдек, хонадонма-хонадон юриб, аҳолини мунтазам равишда ўрганишлар натижасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, “Темир дафтар”га киритилган 6661 та оила аниқланди. Меҳнатга лаёқатли, ишсиз аъзолари мавжуд эҳтиёжманд оилаларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида 2 млрд. 449 млн. сўмдан зиёд, моддий ёрдам олиш мақсадида мурожаат қилган фуқароларга 5 млрд. 571 млн. сўмдан ортиқ, ногиронлиги мавжуд бўлган ва сурункали даволанишга муҳтожларга 1 млрд. 840 млн. сўмдан ортиқ маблағ сарфланган бўлса, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган 866 нафар фуқарога 337 млн. сўмликдан зиёд моддий ёрдамлар кўрсатилди.
— Учинчи фарзандим туғуриқ асорати сабаб кўзи кўрмай қолди. Оилавий аҳволимиз ночорлиги туфайли операция учун керакли маблағни топа олмадик. Шу боис “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Жарқўрғон тумани бўлимига ариза билан муражаат қилдим. “Саховат ва кўмак” жамғармаси томонидан ажратилган ўн миллион сўм моддий кўмак мушкулимизни осон қилди. Амалга оширилган мураккаб жарроҳлик амалиёти натижасида қизим Шукрона бу ёруғ оламни кўрадиган бўлди. Фарзандимга кўрсатилган беғараз ёрдам учун халқимиз, давлатимиздан беҳад миннатдорман, — дейди жарқўрғонлик Гуласал Мирзаалиева.
Усмонали НОРМАТОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири