Жорий йил 24-октябр куни бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий воқеа- Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига мамлакатимиз бўйлаб қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Aйнан шу куни халқимиз билан бирга бу юрт келажагини ва тақдирини белгилаймиз.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бугун дунё нигоҳи Ўзбекистонга қаратилган, десак айни ҳақиқат. Бу галги Президент сайловини илк бор янги Сайлов кодекси асосида ўтказишга устувор аҳамият қаратилмоқда.
Шу жумладан, сайлов ёшидаги, ҳатто сайлов ёшига етмаган ўғил-қизларга ҳам мамлакатимизда барча соҳалар, хусусан, миллий сайлов тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан тушунчалар бериб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича 266 та округ сайлов комиссиясида 23 нафар, 10 минг 760 та сайлов участкасида
24 минг 539 нафар йигит-қиз фаолият юритмоқда.
Шунинг ўзиёқ ёшларнинг сайлов жараёнларига бефарқ эмаслигидан далолат бериб турибди. Жорий йил сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатига киритилган 21 миллиондан зиёд сайловчидан қарийб 7 миллионини 30 ёшгача бўлган йигит-қизлар ташкил этади. Шулардан 880 мингдан кўпроғи илк маротаба ўзининг сайлов ҳуқуқидан фойдаланади.
Бугунги кунга қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиш учун аккредитациядан ўтказилган хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар кузатувчилар умумий сони 380 нафарни, маҳаллий ОAВ вакиллари 1357, хорижий ОAВ эса 146 нафарни ташкил этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш учун 37 та чет давлатларида 54 та сайлов участкалари тузилди. Ушбу сайлов участкалари 14-Тошкент шаҳар округ сайлов участкаларига қарашли.
Муддатдан олдин овоз бериш – фуқаролар сайлов ҳуқуқини таъминлашнинг муҳим воситаси ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексига асосан, муддатдан олдин овоз бериш10 кун қолганда бошланади ва 3 кун қолганда тугатилади. Сайлов куни ўз яшаш жойида бўлмайдиган сайловчи муддатдан олдин овоз бериши мумкин. 14-20-октябр кунлари сайловда муддатидан олдин овоз бериш ўтказилади. Сайловчиларга овоз бериш учун барча шарт-шароитлар сайлов участкаларида яратилган. Сайлов участкасида муддатдан олдин овоз бериш вақти соат 9:00 дан 19:00 га қадар давом этади. Сайлов участкаларида карантин талабларига риоя этилишининг таъминлаш учун 21 мингдан ортиқ тиббий ходимлар бириктирилди.
Бугун юртимизда муҳим сиёсий тадбир – Президент сайловига таёргарлик жараёни қизғин паллага кирди. Aйни пайтда сайлов компаниясининг муҳим босқичлари бошланмоқда. Бу биринчи навбатда сайлов ҳуқуқига эга бўлган Ўзбекистон фуқароларининг сайловчилар рўйхатига киритилган ҳамда номзодларнинг сайлов олди ташвиқоти жараёнлари билан аҳамиятлидир. Сайлов участкалари сайловчиларга қулайлик яратиш мақсадида ҳар томонлама шинам ва кўркам биноларга жойлаштирилди. Шунингдек, сайловчилар рўйхати ягона электрон рўйхатдан сайлов участкаларига босқичма - босқич тақсимланмоқда.
Президент сайловини ўтказишда сайловчиларга янада қулай шарт-шароит яратиш мақсадида махсус бот ташкил этилди. Бунга кўра сайловчи ўзи яшаб турган ҳудуд қайси сайлов участкасига тегишли эканлиги ҳамда сайлов участкасининг манзили жойлашган геолокацияси ҳақида маълумотларни олиши мумкин.
Президент сайлови компанияси сиёсий партиялар, номзодлар, ишончли вакиллар, фаол фуқаролар ва оммавий ахборот воситалари, энг асосийси, сайловчилар учун кўтаринки кайфиятда давом этаяпти. Бугун халқимиз келгуси беш йиллик истиқболи ва тараққиёти учун сайловда ўз овозини беришга ҳозирланмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, сайлов-мамлакатнинг сиёсий-ижтимоий ҳаётидаги энг муҳим жараёнлардан бири саналади. Унда ҳар бир сайловчи, шу жумладан, ёшларнинг фаол иштироки муҳим аҳамият касб этади. Шундай экан, юртимизнинг тақдири ва эртасига бефарқ бўлмаган сайловчиларимиз муносиб номзод учун ўз овозларини берадилар. Ушбу сайловда ҳар биримиз фаол иштирок этайлик.
Орифжон БАЗАРОВ,
Марказий сайлов комиссияси аъзоси,
Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ректори