Жиззах вилояти Ёшлар марказида “Ўзбекистон Республикаси айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги конституциявий қонун лойиҳаси ҳамда Сайлов ўтказиш тартиби янада такомиллаштирилишининг муҳим жиҳатлари мазмун-моҳиятига бағишланган тарғибот учрашув ўтказилди.

Учрашувда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати У.Ўразбоев, Ёшлар ишлари агентлиги Жиззах вилоят бошқармаси, туман ва шаҳар бўлимлари раҳбарлари, ходимлари, ёшлар ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.

Таъкидланганидек, қонун лойиҳаси билан бир мандатли сайлов округларида бошқа номзодларга нисбатан кўпроқ овоз олган депутатликка номзод сайланган, деб ҳисобланиши белгиланганмоқда. Яъни, мутлақ кўпчилик эмас, балки нисбий кўпчилик овози билан депутатлар сайланиши таклиф этилмоқда.

Қонун лойиҳасини янада такомилига етказиш мақсадида жорий йилнинг 10 октябрдан 24 октябрга қадар жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Муҳокамаларда ёшлар, тадбиркорлар, фуқаролик жамияти институтлари ва сиёсий партиялар вакиллари, умуман ватанимиз тақдирига бефарқ бўлмаган юртдошларимиз иштирок этиб, ўз таклиф ва фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Жамоатчилик муҳокамалари давомида қонун лойиҳаси юзасидан 400 га яқин таклиф-мулоҳазалар келиб тушди.