— Аввало, мени халқаро кузатувчи сифатида Ўзбекистонга таклиф қилгани учун мамлакатингизнинг Таиланддаги элчихонасига ўз миннатдорлигимни билдирмоқчиман.
Бу Ўзбекистонга биринчи ташрифим ва мамлакатингизда мени самимий кутиб олишганидан жуда хурсанд бўлдим. Агар мендан Ўзбекистон ва унинг одамлари ҳақидаги таассуротларимни сўрасангиз, ҳеч иккиланмасдан айтаманки, бу ерда мен ҳаётдан мамнун, очиқ чеҳрали, табассумли, меҳмондўст инсонларни кўряпман. Бизга кўрсатилаётган юқори даражадаги хизмат ва меҳмондўстликни ҳам алоҳида қадрлаш керак. Бу, албатта, бутун ўзбек халқининг меҳр-оқибат кўзгусидир.
Юртингизда мен кўрган ҳамма нарса ҳайратланарли. Бир неча кун ичида кўп жойларда бўлдим ва Ўзбекистонга ташриф буюришни режалаштираётган сайёҳлар учун бу мамлакат жуда жозибали, деган хулосага келдим.
Кузатувчи сифатида Самарқанд, Бухоро вилоятларида ва Тошкент шаҳридаги сайлов участкаларида бўлдим.
Қайд этишни истардимки, барча сайлов участкаларининг ўзига хос муҳити бор, бир-биридан фарқ қилади, лекин айни пайтда уларни бир жиҳат – муносиб ташкилий савия бирлаштиради.
Сайлов куни ҳам сайлов участкаларида бўлиб, одамлар овоз беришга онгли равишда келганини, овоз бериш жараёнида фаол иштирок этганини кўрдик.
Президент сайловида ёшларнинг фаол иштирокини ҳам кузатдик. Кўпчилик йигит-қизлар сайловда илк бор иштирок этаётгани гувоҳи бўлдик. Биз уларнинг юз-кўзида ҳаётга бўлган меҳр-муҳаббат ва юксак ишончни кўрдик.
Сайловда ёшлар иштирокига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Энг муҳими, бу ёшларнинг барчаси Президент сайловидек муҳим жараёнда фаол этиш истагида экани кўриниб турарди.
Умуман олганда, халқаро кузатувчи сифатида Ўзбекистондаги Президент сайловига юқори даражадаги тайёргарликни қайд этишим мумкин. Ишонч билан айта оламанки, мен борган ҳар бир сайлов участкаси халқаро стандартларга мос равишда тайёрланган, бу ерда ҳар бир фуқаро ўз конституциявий ҳуқуқидан фойдаланиши ва сайлаши учун барча шароит яратилган.