Ушбу жараён фуқароларимизга давлат бошқарувидаги ўзгаришларга муносабат билдириш, ўз фикрларини ифода этиш, сиёсий жараёнда тенг ва адолатли иштирок етиш имкониятини беради. Сайловларда иштирок этиш демократик жараённинг асосий компоненти бўлиб, унда ҳар бир фуқаро ўз овозини бериш орқали сиёсий ҳаётга таъсир кўрсатади. Бу, ўз навбатида, жамиятнинг эҳтиёжлари ва қизиқишларини ифодалаш имконини беради. Фуқаролар ўз сайловчиларини танлар экан, маҳаллий муаммоларни ҳал қилишда бевосита иштирок этиш имкониятига эга бўладилар. Сайловларда иштирок этиш фуқаролар учун нафақат ҳуқуқ, балки вазифа ҳамдир. Бу жараён орқали жамиятдаги ўзгаришларга таъсир кўрсатиш, демократик тизимни кучайтириш ва адолатли бошқарув таъминотига эришиш мумкин. Шунингдек, сайловларда иштирок этиш фуқароларга турли сиёсий партиялар ва уларнинг дастурларини баҳолаш имконини яратади. Партияларнинг келажакдаги фаолиятини танлашда ёрдам беради, фуқароларимизни давлат бошқарувига жалб этади ва тизимнинг шаффофлигини таъминлайди.
Бугунги Янги Ўзбекистонимиз сайловларининг ўзига хос хусусиятлари шундаки, улар замонавий технологиялар, шаффофлик, ижтимоий тармоқлар, гендер тенглиги ва сиёсий плурализм каби омиллар билан белгиланган. Буни нафақат халқимиз, балки бугунги кунда юртимизда ўтказилаётган қатор сайловолди тадбирларда иштирок этаётган, тадбирларни онлайн кузатиб турган халқаро экспертлар ҳам эътироф этмоқда. Маълумки, 2024 йилги сайловлар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар учун бўлиб ўтади. Ушбу сайловлар мамлакатимизнинг сиёсий ҳаётида муҳим ўрин тутиб, улар биринчи марта аралаш сайлов тизими асосида ўтказилади. Сайлов тизимида мажоритар ва пропорционал тизимларни бирлаштириш орқали янги ёндашув амалга оширилади. Уларнинг асосий жиҳатлари қуйидагилардан иборат:
Мажоритар тизимда сайловчилар ўз округларидаги номзодларга овоз берадилар. Ҳар бир округда энг кўп овоз тўплаган номзод ғолиб бўлади. Бу тизимнинг афзалликлари шундаки, унда овоз берувчилар ўз ҳудудларини яхши биладиган номзодларни танлаш имкониятига эга бўладилар. Овоз бериш жараёни оддий ва аниқ бўлгани учун натижаларни ҳисоблаш ҳам осон кечади.
Пропорционал тизимнинг ўзига хос хусусияти шундаки, унда сиёсий партиялар сайловда олинган овозлар асосида парламент ёки кенгашда ўз ўринларини олади. Бу тизимнинг афзалликларидан бири кўп партиявийлик бўлиб, унда фуқаролар турли партиялар ва уларнинг дастурларини танлаш имкониятига эга бўладилар. Яна бир муҳим жиҳати хилма-хилликда кўриниб, парламентда турли фикрлар ва қарашлар акс этади, бу эса демократик жараённи кучайтиради.
Бирлаштирилган ёндашувнинг афзалликлари эса қуйидагиларда кўринади:
Балансли вакиллик: Мажоритар тизим маҳаллий вакилликни таъминласа, пропорционал тизим кенгроқ сиёсий иштирокни ва кўп партиявийликни таъминлайди. Рақобатни ошириш ва партиялар ўртасида хилма-хилликни сақлашга ёрдам беради. Фуқаролар ўз овозлари орқали маҳаллий ва миллий даражада таъсир кўрсатиш имкониятига эга бўлишади.
Мажоритар тизим: 75 депутат бир мандатли сайлов округлари орқали сайланади.
Пропорционал тизим: қолган 75 депутат сиёсий партияларга берилган овозлар асосида сайланади.
Бу ўзгаришлар партияларга янада кенг имкониятлар яратилишини ва сайлов жараёнини демократлаштиришни таъминлайди, деган хулосага келамиз.
Маълумки, бугунги кунда сайлов жараёнида бешта асосий сиёсий партия: Ўзбекистон Либерал демократик партияси, Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси, Ўзбекистон Экологик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Ўзбекистон “Aдолат” социал-демократик партиялари иштирок этиб, улар ўз дастурларини ишлаб чиққан ҳолда, сайловчиларни ўз тарафларига жалб қилиш учун фаолият юритмоқда.
Шунингдек, сайлов жараёнида аёллар ва ёшлар иштирокини алоҳида таъкидлаб ўтишимиз зарур. Ҳар бир партия рўйхатида аёллар сони камида 40 фоизни ташкил этиши керак, деб белгиланиши мамлакатда гендер тенглигини таъминлашдаги муҳим қадамдир. Шунингдек, давлатимиз томонидан ёшлар учун ҳам алоҳида эътибор қаратилаётгани мамлакат келажаги учун янги ғоя ва мақсадлар олиб келишига замин яратади.
Бу йилги сайлов жараёнидаги муҳим ўзгаришлардан яна бири тизимда замонавий технологияларни, хусусан, “Е-сайлов” ахборот тизими жорий этилганлигидир. Унинг фойдали, аҳамиятли томони шундаки, ушбу янги тизим сайлов жараёнларини янада шаффоф ва самарали ўтказишга ёрдам беради. Шунингдек, номзодлар ва сайловчилар ўртасидаги алоқани осонлаштиришда, сайлов жараёнини мониторинг қилишда ва овоз бериш жараёнини янада қулайлаштиришда катта аҳамият касб этади.
Мухтасар қилиб айтиш жоизки, 2024 йилги сайловлар Ўзбекистонда сиёсий ислоҳотлар ва демократик жараёнлар учун муҳим бир босқични англатади. Янги сайлов тизими, партиялар, аёллар ва ёшлар иштироки, шунингдек, замонавий технологиялар сайлов жараёнини янада шаффоф ва адолатли қилиш имкониятини беради. Фуқароларимиз учун бу сайловлар ўз овозлари орқали келажакни белгилаш имкониятини тақдим этади. Шундай экан, Янги Ўзбекистонимизнинг бугунги кунда яқинлашиб келаётган ушбу муҳим сиёсий жараёнига ҳеч биримиз бефарқ бўлмаслигимиз, аксинча ватанимиз келажаги учун фаол бўлишимиз лозимлигини, ўз сиёсий ҳуқуқларимизни амалга оширишимиз кераклигини чуқур англашимиз муҳимдир.
В.Ш.Мамадаюпова,
ТДЮУ Хорижий тиллар кафедраси катта ўқитувчиси